Пахтақанддан ҳам енгил бўлган улкан сайёралар топилди

Олам

image

Астрономлар ҳажми Юпитер билан деярли бир хил, бироқ зичлиги пахтақанддан ҳам паст бўлган иккита улкан сайёрани аниқлади. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.

Олимларнинг маълум қилишича, ушбу ғалати сайёралар Ердан тахминан 1 110 ёруғлик йили узоқликда жойлашган юлдуз атрофида айланади. Улар ҳозиргача топилган ўз ўлчамидаги энг енгил сайёралар сифатида қайд этилмоқда.

Тадқиқот NASA’нинг TESS космик телескопи ёрдамида олинган кузатувларга асосланган. Аввал космик телескоп сайёраларни аниқлаган, кейин эса Ерда жойлашган телескоплар ёрдамида уларнинг орбитаси ва зичлиги аниқ ҳисоблаб чиқилган.

Олимлар бу сайёраларни супер-пуфак деб атайди, чунки уларнинг зичлиги ниҳоятда паст бўлиб, ҳатто пахта қанддан ҳам енгилроқ ҳисобланади.

Мутахассисларнинг фикрича, бу сайёралар асосан водород ва гелий газларидан иборат бўлиши мумкин. Уларнинг ранги ҳам аниқ эмас, бироқ атмосфера шароитига қараб улар оқ ёки кўкимтир тусда кўриниши эҳтимоли бор.

Сайёралар Қуёш тизимидан ташқаридаги экзосайёралар синфига киради. NASA маълумотларига кўра, ҳозиргача 6 300 га яқин экзосайёра тасдиқланган бўлиб, уларнинг атиги 40 тадан камроғи супер-пуфак турига киради.

Таққослаш учун, Қуёш тизимидаги энг катта сайёра – Юпитер бу икки сайёрадан қарийб 35 баробар зичроқ ҳисобланади. Олимлар бу турдаги сайёралар қандай пайдо бўлиши ҳақида ҳам тахминлар билдирмоқда. Уларнинг фикрича, бундай сайёралар янги туғилган юлдуз атрофидаги газ ва чанғ дискида ҳосил бўлади. Дастлаб улар газга бой бўлади, вақт ўтиши билан эса ўз массасининг катта қисмини йўқотиб, ниҳоятда енгил ва шишган сайёрага айланади.

Астрономларнинг айтишича, бундай ноёб сайёраларни ўрганиш Коинотда сайёралар қандай шаклланишини яхшироқ тушунишга ёрдам беради ва инсониятнинг коинот ҳақидаги билимларини янада кенгайтиради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ NOIRLab астрономлари Кристал шар туманлиги деб аталадиган NGC 1514 объектининг янги тасвирини эълон қилганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг