Ер Сатурндаги каби ҳалқага эга бўлса, нималар ўзгаради?
Бу қизиқ
−
2372 3 дақиқа
Агар Ер Сатурндаги каби ҳалқаларга эга бўлганида, осмон улкан ёрқин ёйлар билан қопланар, сайёрада иқлим ўзгаришлари юз бериши ва космик парвозлар анча мураккаблашиши мумкин эди. Олимлар Ер тахминан 466 миллион йил аввал ҳалқаларга эга бўлган бўлиши мумкинлигини ҳам тахмин қилмоқда. Бу ҳақда “Naked Science” хабар берди.
Қайд этилишича, Ер атрофидаги ҳалқалар астероид парчаларидан ҳосил бўлган бўлиши мумкин. Ушбу бўлаклар миллионлаб йиллар давомида сайёра юзасига метеоритлар шаклида тушиб турган. Агар бундай ҳалқалар ҳозир ҳам мавжуд бўлганида, улар Ер осмонида улкан ёрқин ёйлар ҳосил қилиб, дунёнинг турли ҳудудларидан кўриниб турарди.
Бундай ҳодиса нафақат осмон манзарасини, балки сайёрадаги табиий жараёнларни ҳам ўзгартириши мумкин эди. Хусусан, ҳалқалар Қуёш нурининг Ер юзасига етиб боришига тўсқинлик қилиб, айрим ҳудудларда соялар ҳосил қиларди. Натижада бу жойларда ҳарорат пасайиши, қиш фасли совуқроқ келиши ва қишлоқ хўжалиги шароити ўзгариши эҳтимоли бор.
Мутахассисларнинг фикрича, иқлимга таъсир ҳалқаларнинг ҳажми, зичлиги ва жойлашувига боғлиқ бўларди. Агар улар юпқа ва сийрак чанг қатламидан иборат бўлса, таъсири сезилмаслиги мумкин. Аксинча, кенг ва зич ҳалқалар Қуёш энергиясининг Ерга етиб келишини сезиларли даражада чеклаши мумкин эди.
Ер ҳалқалари мавжуд бўлганида, уларнинг кўриниши кузатувчининг қаерда жойлашганига ҳам боғлиқ бўларди. Масалан, экватор ҳудудларида ҳалқалар осмон бўйлаб ингичка чизиқ шаклида кўринса, ўрта кенгликларда, жумладан, Москва каби шаҳарларда улар уфқнинг бир четидан иккинчи четтигача чўзилган ёрқин ёйларга ўхшарди.
Бундан ташқари, ҳалқалар тунда ҳам ёруғлик қайтариб, атроф-муҳитни қисман ёритиши мумкин эди. Ернинг ўзи ҳам ҳалқаларнинг айрим қисмларига соя солиб, осмондаги ёрқин чизиқларда қоронғи ҳудудлар пайдо бўлишига сабаб бўларди.
Шу билан бирга, бундай ҳалқалар оддий авиацияга деярли таъсир кўрсатмасди. Чунки самолётлар учадиган баландлик ҳалқалар жойлашиши мумкин бўлган орбитал ҳудудлардан анча пастда жойлашган.
Бироқ космик парвозлар ва сунъий йўлдошлар учун вазият анча мураккаблашарди. Ҳалқалар таркибидаги тош ва чанг зарралари юқори тезликда ҳаракатланиши сабабли улар билан тўқнашув космик аппаратларга жиддий зарар етказиши мумкин эди. Шу боис ракеталарни учириш ва сунъий йўлдошларни орбитага жойлаштиришда хавфсиз йўналишларни танлашга тўғри келарди.
Ҳалқалар астрономик кузатувларга ҳам халақит бериши мумкин эди. Уларнинг ёрқинлиги тунги осмоннинг айрим қисмларини тўсиб, хира юлдузлар ва узоқ галактикаларни кузатишни қийинлаштирарди.
Ерда ҳозир бундай ҳалқалар мавжуд эмас ва яқин келажакда уларнинг пайдо бўлиши кутилмайди. Шунга қарамай, олимлар сайёра тарихининг айрим даврларида ҳалқалар мавжуд бўлган бўлиши мумкинлигини истисно қилмайди. Бундай тизимнинг узоқ муддатли таъсири эса Ер иқлими ва тирик организмлар эволюциясига ҳам таъсир кўрсатган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойнинг Chang’e-6 миссияси орқали Ойнинг нариги томонидан Ерга олиб келинган тупроқ намуналари олимларга сунъий йўлдош тарихидаги энг йирик зарбалардан бирининг қандай содир бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси