Шавкат Мирзиёев Қатарга борди

Жамият

image

Бугун, 14 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қатар Давлати собиқ амири Шайх Ҳамад бин Халифа Ол Сонийнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдириш учун Доҳа шаҳрига борди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Ҳамад халқаро аэропортида Ўзбекистон раҳбарини Қатар Бош вазири ўринбосари, Мудофаа вазири Шайх Сауд бин Абдулраҳмон Ол Соний ва бошқа расмий шахслар кутиб олган. 

Ташриф доирасида Қатар Давлати амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан икки томонлама учрашув ўтказилиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 12 июль куни Қатарни 18 йил давомида бошқарган собиқ амир Ҳамад бин Халифа Ол Соний 74 ёшида вафот этди.

Шу куннинг ўзида Президент Шавкат Мирзиёев Қатар Давлати амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийга унинг отаси – Қатар Давлатининг собиқ Амири Шайх Ҳамад бин Халифа Ол Соний вафот этгани муносабати билан таъзия мактубини йўллади.

Маълумот учун, Ҳамад бин Халифа Ол Соний 1952 йилда туғилган. У Қатарнинг еттинчи амири ва Ал Соний сулоласининг учинчи вакили эди. У оиланинг бошқа аъзолари кўмаги билан 1995 йил 27 июнда, отаси — амир Халифа бин Ҳамад Ал Соний Швейцарияда хизмат сафарида бўлган пайтда давлат раҳбари лавозимини эгаллаган. Кейинчалик отаси Францияда яшаб, фақат 2004 йилдагина ватанига қайтган.

Амир Ҳамаднинг бошқарув даври Қатардаги ислоҳотлар ва модернизация билан боғлиқ. 2004 йил 8 июнда Қатарнинг биринчи доимий конституцияси қабул қилинди ва у 2005 йил 9 июнда кучга кирди. Ол Соний Қатарни 18 йил бошқарди ва 2013 йилда тахтдан воз кечиб, ўрнини ҳозирга қадар мамлакатни бошқариб келаётган ўғлига бўшатиб берди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг