Шавкат Мирзиёев Иорданияга боради
Жамият
−
04 Март 4168 2 дақиқа
Бугун, 4 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Подшоҳи Абдулла II ибн aл-Ҳусайн билан телефон орқали суҳбатлашди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, мулоқот давомида сўнгги кунларда Яқин Шарқда кузатилаётган жараёнларнинг кескин тус олиши минтақавий хавфсизлик, барқарорлик ҳамда давлатлараро муносабатларга жиддий путур етказаётгани алоҳида таъкидланган.
Бутун мусулмон уммати учун муқаддас бўлган Рамазон ойида мамлакатлар суверенитети, фуқаролар тинчлиги ҳамда осойишталигига хавф туғдирадиган ҳар қандай хатти-ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш, низо ва муаммоларни тинч ва дипломатик йўллар билан ҳал этиш зарурлиги қайд этилган.
Мамлакат етакчиси бундай синовли дамларда Иордания раҳбарияти ва халқи билан якдил ва бирдамлигини таъкидлаган.
Ўз ўрнида Иордания Подшоҳи ушбу синовли кунларда чин дўстлик, самимий қўллаб-қувватлаш ва ҳамжиҳатлик сўзлари учун Президентга чуқур миннатдорлик изҳор этган. Яқин истиқболда Амманга бўлажак олий даражадаги тарихий ташриф юксак савияда ва сермаҳсул ўтишига қатъий ишонч билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён, Уммон султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саид, Қувайт давлати валиаҳди Шайх Сабоҳ ал-Ҳолид ал-Ҳамад ас-Сабоҳ, Қатар давлати Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний ва Баҳрайн Подшоҳи Ҳамад бин Исо Ол Халифа билан телефон орқали суҳбатда Яқин Шарқдаги ҳозирги мураккаб вазият муҳокама қилган эди.
Live
Барчаси