Шавкат Мирзиёев Баҳрайн билан бирдамлигини изҳор этди
Жамият
−
04 Март 709 2 дақиқа
Бугун, 4 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Баҳрайн Подшоҳи Ҳамад бин Исо Ол Халифа билан телефон орқали суҳбатлашди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, мулоқот давомида Яқин Шарқда кузатилаётган сўнгги жараёнлар, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликка салбий таъсир кўрсатаётган масалалар муҳокама қилинган.
“Муқаддас Рамазон ойида мусулмон уммати ҳамжиҳатлик, яқин биродарлик, ўзаро ҳурмат ва бағрикенглик тамойиллари асосида бир-бирига ҳамфикр ва мададкор бўлиши лозимлиги қайд этилди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, мамлакат тинчлиги ва фуқаролар осойишталигига жиддий хавф соладиган, бегуноҳ инсонларнинг азият чекишига сабаб бўлаётган ҳар қандай хатти-ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш, барча муаммоларни фақат дипломатик ва музокаралар йўли орқали ҳал этиш зарурлиги таъкидлаб ўтилган.
Мамлакат етакчиси бундай мураккаб ва синовли шароитда Баҳрайн раҳбарияти ва халқи билан бирдам ва ҳамжиҳат эканлигини изҳор этган.
Ўз навбатида, Подшоҳ Ҳамад бин Исо Ол Халифа Ўзбекистон раҳбарига шундай синовли кунларда эътибор кўрсатиб, қилган телефон қўнғироғи, кўрсатган чин дўстлиги ва самимий қўллаб-қувватлови учун чуқур миннатдорлик билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён, Уммон султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саид, Қувайт давлати валиаҳди Шайх Сабоҳ ал-Ҳолид ал-Ҳамад ас-Сабоҳ ва Қатар давлати Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан телефон орқали суҳбатда Яқин Шарқдаги ҳозирги мураккаб вазият муҳокама қилган эди.