Шавкат Мирзиёев Қувайтдаги вазиятдан жиддий хавотир билдирди
Жамият
−
04 Март 1829 1 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 4 март куни Қувайт давлати валиаҳди Шайх Сабоҳ ал-Ҳолид ал-Ҳамад ас-Сабоҳ билан телефон орқали суҳбатлашди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, мулоқот чоғида охирги кунларда Яқин Шарқ минтақасида вазият кескинлашаётгани, мамлакатдаги турли инфратузилма объектларига берилган зарбалардан жиддий хавотир билдирилган. Бундай салбий ҳаракатлар халқаро ҳуқуқ тамойилларига зид эканлиги ва ушбу синовли дамларда Ўзбекистон биродар Қувайт халқи билан бирдам ҳамда елкадош экани таъкидланган.
Аҳолининг тинчлиги ва осойишталигига жиддий хавф туғдирадиган ҳар қандай хатти-ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш зарурлиги қайд этилган.
Фурсатдан фойдаланиб, давлат раҳбари у ерда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига кўрсатилаётган амалий ёрдам учун алоҳида ташаккур айтган. Шунингдек, Қувайт Амири Мишъал ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳ Аълога илиқ саломларини йўллаган.
Ўз навбатида Қувайт валиаҳди ҳозирги қийин вақтда изҳор этилган дўстона қўллаб-қувватлаш ва бирдамлик туйғулари учун Ўзбекистон етакчисига мамлакат раҳбарияти ва халқи номидан чуқур миннатдорлик изҳор этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён ва Уммон султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саид билан телефон орқали суҳбатда Яқин Шарқдаги ҳозирги мураккаб вазият муҳокама қилган эди.