Шавкат Мирзиёев “Инсоний биродарлик” мукофоти ғолибларини табриклади
Жамият
−
05 Февраль 2962 2 дақиқа
Кеча, 4 февраль куни Бирлашган Араб Амирликлари пойтахти Абу-Даби шаҳрида Шайх Зоид номидаги “Инсоний биродарлик” халқаро мукофотини топшириш маросими бўлиб ўтганди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев тақдирлаш маросими иштирокчиларига видеомурожаат йўллади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Унда давлат раҳбари мукофотга сазовор бўлган Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Республикаси Бош вазири Никол Пашинянни табриклаган.
“Сиёсий етакчиларнинг узоқ давом этган можарони оқилона ҳал этиш, тинчликка эришиш йўлидаги биргаликдаги саъй-ҳаракатлари, ҳеч шубҳасиз, ушбу нуфузли мукофотга ҳақли равишда муносибдир”, деган Ўзбекистон раҳбари.
Мирзиёевнинг қўшимча қилишича, эришилган келишув минтақадаги тарихий қадам бўлган.
“Эришилган келишув муаммо ечимига масъулиятли ёндашувнинг ёрқин намунаси бўлиб, кенг минтақамизда барқарорликни таъминлаш йўлидаги тарихий қадам бўлди. Бугунги кунда фақат аҳиллик, бир-бирини қўллаб-қувватлаш ва яқин дўстлик орқали халқларимизнинг умумий равнақи ва фаровонлигини таъминлаш мумкин”, деган Мирзиёев.
Давлат раҳбари Ўзбекистон ҳар қандай низо ва зиддиятни фақат сиёсий-дипломатик воситалар, халқаро ҳуқуқ тамойиллари ва яхши қўшничилик асосида ҳал этиш тарафдори эканини таъкидлаган.
Шунингдек, Бирлашган Араб Амирликлари Раҳбариятининг гуманитар ташаббусларни фаол илгари суриш, халқаро майдонда мулоқот маданиятини изчил юксалтириш борасидаги хизматлари алоҳида эътироф этилган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 4 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Бирлашган Араб Амирликлари пойтахти Абу-Дабида Шайх Зоид номидаги “Инсоний биродарлик” халқаро мукофоти тақдирлаш маросими доирасида ўтказилган глобал форумнинг очилиш маросимида нутқ сўзлаганди.
“Инсоний биродарлик мажлиси” деб номланган йирик анжуманда хорижий мамлакатларнинг биринчи хонимлари, Нобель мукофоти соҳиблари, БМТ агентликлари ва етакчи халқаро ташкилотлар раҳбарлари, БАА ва Кўрфаз давлатларининг юксак мартабали сиёсатчилари, вазирлар ва давлат арбоблари, шунингдек, технология ва сунъий интеллект этикаси соҳасидаги етакчи олимлардан иборат 150 нафар нуфузли меҳмон иштирок этган.
Live
Барчаси