Саида Мирзиёева Абу-Дабидаги глобал форумда нутқ сўзлади

Жамият

image

Кучли жамиятлар нафақат қонунларга, балки инсонлар орасидаги ўзаро ишончга ҳам асосланади, ишонч эса кўпинча аёллар ўртасидаги муносабатлар ва етакчилик орқали мустаҳкамланади. Бу ҳақда бугун, 4 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Бирлашган Араб Амирликлари пойтахти Абу-Дабида Шайх Зоид номидаги “Инсоний биродарлик” халқаро мукофоти тақдирлаш маросими доирасида ўтказилган глобал форумнинг очилиш маросимида сўз очди.

“Инсоний биродарлик мажлиси” деб номланган йирик анжуманда хорижий мамлакатларнинг биринчи хонимлари, Нобель мукофоти соҳиблари, БМТ агентликлари ва етакчи халқаро ташкилотлар раҳбарлари, БАА ва Кўрфаз давлатларининг юксак мартабали сиёсатчилари, вазирлар ва давлат арбоблари, шунингдек, технология ва сунъий интеллект этикаси соҳасидаги етакчи олимлардан иборат 150 нафар нуфузли меҳмон иштирок этган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева форумнинг “Аёллар етакчилиги инсоний биродарлик марказида” мавзусидаги 1-сессиясида нутқ сўзлаган.

Саида Мирзиёева ўз нутқида аёллар етакчилиги ва таълим ҳуқуқини инсон қадрининг асосий мезони сифатида ҳимоя қилиш ғоясини илгари сурган. Маърузада Ўзбекистоннинг бу борадаги муваффақиятли ислоҳотлари мисолида аёлларни ижтимоий ҳимоя қилиш, нафақат миллий юксалишга, балки бутун минтақада тинчлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилиши очиб берилган.

“Ўзаро ҳурмат билан йўғрилмаган ривожланиш узоққа чўзилмайди. Кучли жамиятлар нафақат қонунларга, балки инсонлар орасидаги ўзаро ишончга ҳам асосланади, ишонч эса кўпинча аёллар ўртасидаги муносабатлар ва етакчилик орқали мустаҳкамланади”, дейди Саида Мирзиёева.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бирлашган Араб Амирликларида тинчлик, ижтимоий адолат ва динлараро тотувликни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи нуфузли “Инсоний биродарлик” (Zayed Award for Human Fraternity) мукофоти совриндорлари маълум бўлгани, бу йилги мукофот Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги тарихий тинчлик келишуви ҳамда ҳуқуқ ҳимоячиси Зарқа Яфталига насиб этгани ҳақида хабар берилган эди. Шу тариқа, Кавказ минтақаси ва Афғонистондан илк бор мазкур мукофот совриндорлари эътироф этилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Саида Мирзиёева Инсоний биродарлик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг