Шавкат Мирзиёев Имомали Раҳмон билан Бухорони зиёрат қилди
Жамият
−
27 Март 3844 3 дақиқа
Бугун, 27 март куни Ўзбекистонда давлат ташрифи билан бўлиб турган Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан биргаликда Бухородаги тарихий обидаларни зиёрат қилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Қадимий Бухоро азалдан ўзининг беназир тарихий, меъморий ва маданий бойликлари билан машҳур бўлиб, асрлар давомида фан, ислом илми ва маънавият марказларидан бири сифатида танилган. Ёши 2,5 минг йилдан ошган шаҳарнинг тарихий марказига 1993 йилда UNESCO’нинг Бутунжаҳон мероси объекти мақоми берилган.

Олий мартабали меҳмон дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилган.

Мажмуа ислом оламининг улуғ қадамжоларидан бири ҳисобланади. Мазкур зиёратгоҳ Нақшбандия тариқатининг асосчиси Баҳоуддин Нақшбанд дафн этилган жойда барпо этилган бўлиб, бугунги кунда мақбара, хонақоҳ, масжидлар, дахма ва сўфийлик тарихи музейини ўз ичига олади. Баҳоуддин Нақшбанд таълимотининг эзгу тамойили – “Дил ба ёру, даст ба кор” шиори инсонни меҳнатсеварлик ва руҳий покликка даъват этиши алоҳида таъкидланган.

Сўнг Сомонийлар мақбарасига ташриф буюрилган. Ушбу меъморий ёдгорлик Марказий Осиёда пишиқ ғиштдан бунёд этилган энг қадимий иншоотлардан бири ҳисобланади. У IX аср охири – X аср бошларида Сомонийлар давлати асосчиси ва биринчи ҳукмдори Исмоил Сомоний томонидан сулолавий мақбара сифатида қурилган.

Унинг меъморий қиёфасида нафақат ислом, балки исломдан аввалги давр анъаналари, жумладан, суғд маданиятига хос нақшлар ҳам ўз аксини топган. Таъкидланганишича, қуёш нурларининг тушишига қараб, мақбара нақшлари турлича жилоланади, бинонинг куб ва гумбаз шаклидаги композицияси эса Ер ва Осмон уйғунлигини рамзий ифода этади.

Қалинлиги қарийб икки метрга етадиган деворлар ҳамда юқори сифатли ғишт терими туфайли ушбу ноёб ёдгорлик бугунги кунгача яхши сақланиб қолган.

Мақбараларга зиёрат чоғида Қуръон тиловат қилиниб, ўтганларга раҳмат, юртимизга тинчлик ва фаровонлик тилаб, дуо қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Имомали Раҳмон давлат ташрифи билан Тошкентга етиб келганди. Тошкент халқаро аэропортида олий меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кутиб олди. Шунингдек, Кўксарой қароргоҳида Имомали Раҳмонни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.
Кейинроқ эса Кўксарой қароргоҳида Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон тор доирада музокара ва Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилишини ўтказди. Шунингдек, икки давлат етакчилари йирик кооперация лойиҳаларини ишга тушириш маросимида иштирок этди. Ўзбекистон – Тожикистон Олий давлатлараро кенгашининг биринчи йиғилишидан сўнг икки томонлама ҳужжатларни имзолаш ва алмашиш маросими бўлди. Шу билан бирга, Тожикистон Республикаси Президентининг давлат ташрифи доирасида ушбу мамлакатнинг Тошкент шаҳридаги элчихонасининг янги биноси очилишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон “Ўзбекистон” халқаро форумлар саройида икки мамлакат санъаткорлари иштирокидаги анъанавий концертни биргаликда томоша қилди.
Live
Барчаси