“Шармандали бюджет”: ўқувчилардан 10 минг сўмдан пул йиғдирилгани айтилмоқда (видео)
Жамият
−
29 Март 2023
16431Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятида бошланғич синф ўқувчиларидан “Open budget”га овоз йиғиш учун 10 минг сўмдан пул йиғдирилаётгани акс этган видео тарқалди. Тасвирларда дарс пайтида ёш болалар пул олиб келиши учун уйига жўнатилгани айтилган. Ҳолат бўйича вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, Тошкент вилояти Оққўрғон тумани “Байгули” маҳалласидаги 17-мактаб ўқувчилари дарсга киритилмай, СИМ-карта сотиб олиш мақсадида 10 минг сўмдан 20 минг сўмгача пул олиб келиш учун ўз хонадонларига жўнатилган.
“Бугунги кунда кенг оммалашиб, халқ овозига айланиб бораётган “Open budget” кампаниясини бундай талқин қилиш, болалардан фойдаланишни оқлаб бўлмайди”, дейилади ҳокимлик хабарида.
Хабар қилинишича, вазият вилоят ҳокимининг ўринбосари Отабек Султонбеков томонидан назоратга олинган ва ўрганиш бошланган.
Эслатиб ўтамиз, ижтимоий тармоқлар орқали баъзи мактаб ўқитувчиларига “Open budget” лойиҳасида овоз йиғиш учун мажбурий топшириқ берилаётгани юзасидан Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова изоҳ бериб, ушбу вазият вазирлик томонидан жиддий ўрганилаётганини маълум қилган эди.
Кейинроқ, 24 март куни ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Ангор туманидаги 36-мактаб ўқитувчилари “Open budget”га овоз йиғишга мажбурлангани акс этган видео тарқалганди. Бош прокуратура мазкур ҳолат Сурхондарё вилояти прокуратураси томонидан ўрганилаётганини маълум қилган эди.
Бундан ташқари, 25 март куни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати “Open budget”га овоз беришда Face ID ёрдамида идентификация қилиш механизмини жорий этиш амалиёти кўриб чиқилаётганини эълон қилганди. Кейинчалик вазир Шерзод Қудбиев видеомурожаат билан чиқиб, ушбу янгиликни рад этди.
LiveБарчаси