Сурхондарёда ўқитувчилар “Open budget”да овоз йиғишга мажбурланганми? Прокуратура ҳолатни ўрганяпти

Жамият

image

Бугун, 24 март куни ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Ангор туманидаги 36-мактаб ўқитувчилари “Open budget”га овоз йиғишга мажбурлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов муносабат билдирди.

“Ангор туманида “Open budget” (“Ташаббусли бюджет”)  учун овоз йиғиш билан боғлиқ хабар Сурхондарё вилояти прокуратураси томонидан ўрганилмоқда”, дейди Бош прокуратура матбуот котиби.

Тарқалган видео остига “Open budget” – овоз йиғиш ўқитувчига қолдими ёки мажбурий меҳнат?” деб ёзилган. Тармоқларга сиздирилган хабарларда айтилишича, Ангор туманининг “Навшаҳар” маҳалласида жойлашган 36-мактаб ўқитувчилари иш куни бўлишига қарамасдан “Open budget” учун овоз тўпламоқда. Ўқитувчиларга кўра, бу раҳбарлар топшириғи бўлган.

Эслатиб ўтамиз, ижтимоий тармоқлар орқали баъзи мактаб ўқитувчиларига “Open budget” (“Ташаббусли бюджет”) лойиҳасида овоз йиғиш учун мажбурий топшириқ берилаётгани, бундан бош тортганларга таҳдид қилинаётгани тўғрисида хабарлар тарқалгани ва ҳолатга Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова изоҳ бериб, ушбу вазият вазирлик томонидан жиддий ўрганилаётгани маълум қилинган эди.

Аввалроқ, Олий Мажлис Сенати томонидан педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан “Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Қонун маъқулланган эди. Унга мувофиқ, педагог ходимларни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун биринчи марта маъмурий жазо қўллаш, такроран содир этганлик учун жиноий жавобгарликка тортиш белгиланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурхондарёда ўқитувчилар Open budget

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг