Ўқитувчиларга мажбурий меҳнатнинг янги шакли ўйлаб топилдими? Ҳилола Умарова ҳолатни ўрганяпти

Жамият

image

Ижтимоий тармоқлар орқали жойларда баъзи ўқитувчиларга “Open budget” (“Ташаббусли бюджет”) лойиҳасида овоз йиғиш учун мажбурий топшириқ берилаётгани, бундан бош тортганларга таҳдид қилинаётгани тўғрисида хабарлар тарқалди. Ҳолатга Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова изоҳ берди.

Унинг маълум қилишича, мазкур ҳолат вазирлик томонидан жиддий ўрганилмоқда. Айни вақтда “Вазирга мурожаат” порталига ўқитувчилардан ушбу мазмундаги мурожаатлар келиб тушмаган.

“Ушбу порталга жойланаётган ижтимоий лойиҳалар орасида мактабгача ва мактаб таълими муассасаларини таъмирлаш ишлари ҳам етакчилик қилади. Албатта, ушбу жараёнда ўқитувчилар, ўқувчилар ҳатто ота-оналар ҳам ташаббус кўрсатиб, ўзлари меҳнат қилаётган, таълим олаётган ёки фарзандлари таҳсил олаётган таълим даргоҳини обод қилиш учун овоз беришда шахсий ташаббус кўрсатмоқда. “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси фақат ташаббусга асосланади, бунда ҳеч кимни мажбурлашга йўл қўйилмайди!” деб ёзади Умарова.

Шунингдек, у Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 августдаги тегишли қарорига кўра, педагогларни хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилиш тақиқланишини эслатиб ўтган.

“Агар сизнинг таълим масканингизда ўқитувчиларни ушбу лойиҳа доирасида мажбурий овоз йиғишга жалб этиш ҳолатлари кузатилса, вазирликнинг Ишонч телефони 71-202-09-09 га қўнғироқ қилишингизни сўраймиз. Сизнинг мурожаатингиз асосида ушбу йўналишда қонун бузилиш ҳолати аниқланса, тегишли масъул ходимларга зарур таъсир чоралари кўрилади”, деб ёзади вазир ўқитувчиларга мурожаат қилиб.

Бундан ташқари, Умарова яқинда Олий Мажлис Сенати томонидан “Педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Қонун маъқулланганини ҳам қўшимча қилган.

“Унда ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб этганлик учун жиноий жавобгарликкача бўлган жазо назарда тутилмоқда. Яъни педагог ходимни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёҳуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши белгиланмоқда.

Шунингдек, педагог ходимларни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин худди шундай қилмишни такроран содир этганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи норма Жиноят кодексига киритилмоқда”, дея таъкидлаган вазир.

Сўзининг якунида у мактаб раҳбарларидан ўқитувчиларнинг касбий ҳуқуқлари давлат назоратида эканлигини, уларни мажбурий меҳнатга жалб қилишга йўл қўйилмаслигини унутмасликни сўраган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўқитувчилар Open budget

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг