“Open budget” машмашаси. Кимга ишониш керак: Қудбиевгами ё Молия вазирлиги матбуотигами?
Жамият
−
26 Март 2023
14128Кеча, 25 март куни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати томонидан овоз беришда тенгсизликка йўл қўймаслик, шунингдек, барча маҳаллалар аҳолиси учун лойиҳаларни амалга оширишда тенг имкониятлар яратиш мақсадида бир қанча техник ва услубий ечимлар ишлаб чиқилаётгани маълум қилинди.
Жумладан:
• Face ID ёрдамида идентификация қилиш механизмини жорий этиш. Бунда, тасдиқланган фойдаланувчилар томонидан берилган овозлар СМС орқали берилган 5 ёки 10 овозга тенглаштирилиши;
• кам сонли одамлар яшайдиган маҳаллалар аҳолиси томонидан илгари сурилган лойиҳалар учун кўпайтириш коэффициентини жорий этиш амалиёти кўриб чиқилади.
Қайд этиш керакки, ушбу янгиликлардан энг қувонарлиси Face ID орқали овоз бериш тизимини жорий этилиши бўлди.
Аммо шундан сўнг, Иқтисодиёт ва молия вазири Шерзод Қудбиев ушбу янгиликни рад этувчи видеомурожаат билан чиқди.
“Буларнинг барчаси овоз бериш жараёнини сохталаштириш ёки кўпайтириб кўрсатишга қарши курашишга мўлжалланган вазирлик даражасидаги таклифлар эди. Ахборот хизмати ҳали хом бўлган лойиҳани эълон қилиб юборган”, дейди вазир.
Унинг сўзларига кўра, ушбу соҳада бирорта янгилик қилишдан олдин сўровнома ўтказилиб кейин қарор қабул қилинади.
Хўш, кимга ишониш керак: вазиргами ёки вазирлик матбуот хизматигами?
Вазирлик матбуот хизматининг Telegram каналида хабар ҳали ҳам турибди.
Эслатиб ўтамиз, ижтимоий тармоқлар орқали баъзи мактаб ўқитувчиларига “Open budget” (“Ташаббусли бюджет”) лойиҳасида овоз йиғиш учун мажбурий топшириқ берилаётгани, бундан бош тортганларга таҳдид қилинаётгани тўғрисида хабарлар тарқалгани ва ҳолатга Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова изоҳ бериб, ушбу вазият вазирлик томонидан жиддий ўрганилаётгани маълум қилинган эди.
Шунингдек, Бош прокуратура “Open budget” (“Ташаббусли бюджет”) учун овоз йиғиш билан боғлиқ хабар Сурхондарё вилояти прокуратураси томонидан ўрганилаётганлигини маълум қилганди. Сабаби тарқалган видеолардан бирида Сурхондарё вилояти Ангор тумани 36-мактаб ўқитувчилари иш вақти бўлишига қарамасдан, лойиҳа учун овоз тўплаётгани айтилган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь