Ўзбекистонда ўқитувчи ва ўқувчилар психологик текширувдан ўтказилади

Жамият

−

image

Ўзбекистондаги таълим ташкилотларида педагоглар ва ўқувчилар ҳар ўқув йилида камида бир марта психологик диагностикадан ўтказилади. Бу ҳақда Президент жорий йилнинг 19 октябрь куни имзолаган “Узлуксиз таълим тизимида психологик хизмат соҳасини илмий асосда ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда сўз боради.

Қайд этилишича, 2026/2027 ўқув йилидан мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларида, 2027/2028-ўқув йилидан эса ўрта махсус, касбий ва олий таълим муассасаларида йўлга қўйилади.

Диагностика Психология илмий-тадқиқот институти томонидан махсус электрон платформада амалга оширилади. Бунда шахсга доир маълумотлар ва текширув натижаларининг сир сақланиши таъминланади.

Натижалар сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиниб, педагог ва ўқувчилар учта гуруҳга ажратилади. Булар – “психологик барқарор”, “психологик қўллаб-қувватлашга муҳтож” ва “фаол психологик қўллаб-қувватлаш зарур” гуруҳлар.

Биринчи гуруҳдан ташқари, қўллаб-қувватлашга муҳтож деб топилган шахсларга ёрдам кўрсатилади. Иккинчи гуруҳга киритилганлар билан таълим ташкилоти психологи ишлайди. Фаол психологик ёрдам зарур деб топилганларга эса тегишли ҳудуд бўйича ментор психолог бириктирилади.

Қарорда психологларнинг малакасини ошириш ва уларни моддий рағбатлантириш чоралари ҳам белгиланган. Жумладан, каскадли малака ошириш курсларига ўқитувчи сифатида жалб этилган психологларга асосий иш жойидаги лавозим маошига нисбатан 20 фоиз устама тўланади.

Ўқув йили давомида психологик барқарорликни таъминлашда юқори натижаларга эришган 150 нафар ментор психолог меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 20 баравари миқдорида бир марталик моддий рағбатлантирилади. Таълим ташкилотларидаги психологик хизмат ходимлари эса камида беш йилда бир марта малака ошириши шарт.

Бундан ташқари, Низомий Ганжавий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университетининг Психология ўқув-илмий маркази негизида Психология илмий-тадқиқот институти ташкил этилади. У Таълим ва илм-фан вазирлиги бўйсунувига ўтказилади.

2027 йилнинг 1 январидан институтда Рақамли психология ва сунъий интеллект, Таълим психологияси ва психологик хизмат, Психологик саломатлик ва профилактика лабораториялари фаолияти йўлга қўйилади.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг