Шанхайдаги супермаркетда пичоқбозлик содир бўлди. Қурбонлар бор (видео)
Олам
−
01 Октябрь
5493Хитой шарқида жойлашган Шанхай шаҳридаги супермаркетда номаълум эркак пичоқ билан одамларга ҳужум қилди. Оқибатда уч киши ҳалок бўлди, 15 киши жароҳат олди. Бу ҳақда “Синьхуа” хабар берди.
Маҳаллий полиция бўлимига кўра, ушбу воқеа кеча, 30 сентябрь куни маҳаллий вақт билан 21:47 да содир бўлган.
“Полиция воқеа бўйича хабарни олганидан сўнг ҳодиса жойига тезда етиб борди ва 37 ёшли Лин фамилияли гумонланувчини қўлга олди. Жароҳат олган 18 киши зудлик билан шифохонага етказилиб, уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилди. Жароҳатланганларнинг уч нафари вафот этди”, дейилади полиция баёнотида.
Нашрнинг ёзишича, қолган ўн беш нафар жароҳатланганларнинг аҳволи яхши. Дастлабки тергов маълумотларига кўра, эркак Шанхайга келиб, ўзининг шахсий молиявий қийинчиликлари сабабли кимдандир аламини олмоқчи бўлган ва шу ишга қўл урган.
Тергов ишлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германиянинг Золинген шаҳридаги фестивалда номаълум эркак пичоқ билан одамларга ҳужум қилиши оқибатида 3 киши вафот этган ва камида 5 киши жиддий жароҳат олган эди.
LiveБарчаси