Шаффоф тергов ўтказишга чақирамиз – АҚШ Қорақалпоғистондаги воқеаларга муносабат билдирди

Олам

image
0:00
0:00
download

АҚШ Қорақалпоғистондаги намойишлар юзасидан хавотир билдириб, барча тарафларни зўравонликдан тийилиб, зиддиятларни тинч йўл билан ҳал этишга чақиради. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти сайтидаги баёнотда айтилади. 

"Биз яқинларини йўқотган оилаларга таъзия билдирамиз ва жароҳатланганларга ҳамдардмиз. 

Биз Ўзбекистоннинг демократик ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаймиз. Ҳукуматни фундаментал ҳуқуқларни, жумладан тинч йиғилиш ва фикр билдириш эркинлигини ҳимоя ва ҳурмат қилишга ундаймиз. Булар Ўзбекистоннинг халқаро майдонда ўз зиммасига олган мажбуриятлари. 

Қорақалпоғистондаги воқеалар бўйича расмийларни халқаро нормалар ва илғор тажрибалар асосида тўлиқ, ишончли ва шаффоф тергов ўтказишга чақирамиз. Қўшма Штатлар Ўзбекистоннинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини узоқ йиллар давомида қўллаб-қувватлаб келади", дейди Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайс.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида айрим фуқаролар Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилиб, кутилмаганда намойишлар уюштирди. 

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳолатни Нукусда давлат бошқаруви органларини эгаллашга уриниш деб баҳолади.

Шундан сўнг, 2 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга етиб борди ва қорақалпоқ халқи билан мулоқот қилди. 

Шунингдек, Президент Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш муҳокамаси ҳали давом этаётганини инобатга олиб ҳамда Қорақалпоғистон аҳолиси билдираётган фикр ва мулоҳазаларни ўрганган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини маълум қилди.

4 июль куни Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Конституциядаги Қорақалпоғистонга оид моддалар ўзгартирилмаслиги ҳақида қарор қабул қилди.

Содир бўлган воқеаларда 516 киши қўлга олинди, 243 киши жароҳатланди, 18 киши қурбон бўлди. Ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 4-қисми – “Ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш” билан жиноят иши қўзғатилди


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

165

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг