Шаҳноза Мирзиёева АҚШга борди
Жамият
−
07 Декабрь 2023
46775Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг кенжа қизи – Ижтимоий ҳимоя агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева Америка Қўшма Штатларига борди. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабар берди.
Билдирилишича, Мирзиёева Вашингтонда АҚШ Президентининг халқаро ногиронлик сиёсати бўйича махсус маслаҳатчиси Сара Минкара билан учрашув ўтказган.
Сара Минкара ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш бўйича ташаббусларни илгари суришда, шунингдек, Ўзбекистонда "инклюзив таълим"ни жорий этиш соҳасида биргаликда ишлаш ва ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёрлигини таъкидлаган.
Шаҳноза Мирзиёева эса ўзининг Instagram’даги саҳифасида Сара Минкара ўзида улкан салоҳият, ақл-заковат ва назокатни уйғунлаштира олгани билан уни ҳайратда қолдирганини ёзган.
“Ўзининг қизиқишлари ва режаларини сиз билан баҳам кўрадиган маслакдошлар билан учрашиш – катта муваффақият. Агар бу амалда рўй берса, биргаликда ижобий натижаларга эришиш учун фақатгина кучларни бирлаштириш талаб этилади. Вашингтонда шундай ҳамфикрни учратиш бахтига муяссар бўлдим”, деб ёзади Мирзиёева.
Шунингдек, у ногиронлар ҳуқуқларини таъминлаш йўлида Сара Минкара амалга ошираётган ишлар таҳсинга сазоворгина бўлиб қолмасдан, балки ҳаракатланишда давом этишга руҳлантиришини урғулаган.
“Биз стигматизация ва дискриминацияга барҳам бериш, ногиронларнинг таълим олиш ва реабилитация хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқларини таъминлаш, шунингдек, уларнинг бандлик имкониятларини кенгайтириш мавзусида узоқ суҳбатлашдик”, дейди Мирзиёева.
Унинг айтишича, муаммолар хусусида муштарак қарашлар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига ёрдам бериш истаги тезда умумий тил топишимизга ёрдам берган.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги делегацияси Америка Қўшма Штатларига ташрифи доирасида Мэриленд штатининг Монтгомери округи Соғлиқни сақлаш департаментига ҳамда Нью-Йорк шаҳрида жойлашган Сент-Мери болалар шифохонасига (St. Marry’s Hospital for Children) борган.
Билдирилишича, Монтгомери округи Соғлиқни сақлаш департаменти аутизмли болалар, жисмоний имконияти чекланган инсонлар ва кексалар учун кенг қамровли хизматларни тақдим этишга мўлжалланган. Марказ саломатликни тиклаш бўйича стандарт дастурларни тақдим этишдан ташқари, аҳолига 5 та йўналишда хизмат кўрсатади: кексалар ва ногиронларга хизмат кўрсатиш, инқирозли хизматлар ва хулқ-атвори бузилган шахсларга хизмат кўрсатиш, болалар, ёшлар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш хизматлари, соғлиқни сақлаш хизматлари ва профилактика хизматлари, уйсизлар. Марказ аҳолига 24/7 тез ёрдам хизматларини кўрсатади.
Музокаралар натижасида делегация вакилларига Марказнинг иш методологияси бўйича ахборот тақдим этилиб, Марказ томонидан кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар сифатини яхшилаш учун фойдаланиладиган "Community Connect" порталидан фойдаланиш бўйича тренинглар ўтказиш юзасидан дастлабки келишувга эришилган.
Нью-Йоркдаги шифохона эса АҚШдаги жисмоний ва руҳий саломатлиги чекланган болаларга қаратилган педиатрия ёрдами соҳасида етакчилардан бири ҳисобланади.
Реабилитация, нейрореабилитация, локомотор терапия бўйича стандарт дастурларни тақдим этишдан ташқари, шифохона уйда парвариш қилиш, болаларнинг аҳволини масофадан назорат қилиш, паллиатив ёрдам ҳамда бемор оила аъзоларига кўмаклашиш хизматларини кўрсатади.
Ташриф якунида томонлар ўзаро тажриба алмашиш ва амалиётда мазкур тажрибалардан фойдаланиш юзасидан томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи – Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева АҚШга борганида Оқ уйда Жо Байденнинг ёрдамчиси ва АҚШ Президенти администрациясининг гендер сиёсати бўйича Кенгаши директори Женнифер Кляйн билан учрашганди. Август ойида эса Байден Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга йўллаган мактубида АҚШ ва Ўзбекистон стратегик ҳамкорлиги йўлида Мирзиёев билан ишлаганидан, унинг қизи Саида Мирзиёевани Вашингтонда кутиб олиш шарафига муяссар бўлганидан мамнунлигини билдирганди.
LiveБарчаси