Америка Президенти Мирзиёевга Саидани мақтаб мактуб ёзди
Жамият
−
18 Август 2023
19260АҚШ Президенти Жозеф Байден жорий йилнинг 11 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга мактуб йўллади. АҚШ раҳбари ўз хатида АҚШ ва Ўзбекистон стратегик ҳамкорлиги йўлида Мирзиёев билан ишлаганидан, унинг қизи Саида Мирзиёевани Вашингтонда кутиб олиш шарафига муяссар бўлганидан мамнунлигини билдирган. Ушбу мактуб “Forbes”да эълон қилинди.
“Сизнинг раҳбарлигингизда Америка Қўшма Штатлари ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш йўлида ишлаганимиз учун ташаккур.
Ўтган йил давомида биз ҳамкорлигимизни янги марраларга олиб чиқдик, жумладан, савдо ва инвестицион алоқаларимизни мустаҳкамлаш, хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва минтақавий муаммоларни ҳал қилишда биргаликда ишладик”, деб бошланади Байденнинг хати.
У ўз сўзида, Вашингтон Ўзбекистонда Мирзиёев бошчилигида олиб-борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини билдирган:
“Қўшма Штатлар ҳам сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларингизни қатъият билан қўллаб-қувватлайди”.
Маълумки, жорий йилнинг март ойида Президент Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Президент Администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўъба мудири Саида Мирзиёева АҚШга бориб, сув масалалари бўйича бўлиб ўтган БМТ анжуманида Ўзбекистон номидан чиқиш қилиб, Вашингтонда бир қатор расмийлар билан учрашувлар ўтказган эди. Ўшанда Мирзиёева Нью-Йорк мэри билан учрашгани, БМТда нутқ сўзлагани ва Давлат департаментида меҳмон бўлгани хабар қилингандию унинг Оқ уйда меҳмон бўлгани ҳақида маълумот берилмаганди. Байден мактубида Саида Мирзиёеванинг Оқ уйга борганини ҳам хотирлаган.
“Қизингиз Саидани шу йил бошида Оқ уйда кутиб олиш шарафига муяссар бўлдик. Унинг ҳимояси ва сизнинг гендер ҳамда оилавий зўравонликни жиноий жавобгарликка тортишдаги дадил қатъиятингиз таҳсинга сазовор”, дейди Президент Жозеф Байден.
Байден мактуб сўнгида Мирзиёевни анъанавий равишда сентябрь ойида бўлиб ўтадиган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси йиғилишида иштирок этишга таклиф қилган.
“Мен яқинлашиб келаётган БМТ Бош Ассамблеясини интиқлик билан кутаман, унда биз халқларимиз ҳаётидаги энг муҳим вазифаларни ҳал қилишда муваффақиятга эришамиз. Умид қиламанки, сиз мен ва бошқа етакчилар билан биргаликда хавфсизлик, иқтисодий ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш мақсадларига эришиш учун қандай қилиб биргаликда ишлашни давом эттиришимиз мумкинлигини муҳокама қилиш учун 19 ёки 20 сентябрь кунлари C5+1 расмий учрашувига қўшиласиз”, дейди Байден ҳурмат ва эҳтиромини ифода этиб.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Президенти Жо Байден сўнгги бор Шавкат Мирзиёевга жорий йилнинг февраль ойида мактуб йўллаган эди. Ўшанда Байден Мирзиёевни икки мамлакакт ўртасида тузилган дипломатик алоқаларнинг 30 йиллиги билан қутлаб, АҚШ ва Ўзбекистон муносабатларини юқори баҳолаган эди.