Мирзиёева Оқ уйда Байденнинг ёрдамчиси билан учрашди
Жамият
−
25 Март 2023
8815Ўзбекистон Президенти Администрацияси шўба мудири Саида Мирзиёева Оқ уйда АҚШ раҳбари администрациясининг гендер сиёсати бўйича Кенгаши директори Женнифер Кляйн ва Жо Байденнинг ёрдамчиси билан учрашди. Бу ҳақда у Telegram'даги саҳифасида маълум қилди.
Қайд этилишича, томонлар Ўзбекистон Президенти олиб бораётган муҳим ислоҳотлар ҳақида суҳбатлашган.
Суҳбатнинг асосий мавзуларидан бири – хотин-қизларни гендер зўравонликдан ҳимоя қилиш ва Ўзбекистонда унга йўл қўймаслик учун амалга оширилаётган ишлар бўлган.
“Умуман, мулоқотимиз очиқ ва самимий бўлиб ўтди. Ўзбекистоннинг Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига аёллар ва вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик жиноятини назарда тутувчи ўзгартиришлар фақат қоғозда қолмаслиги учун зарур чора-тадбирларни атрофлича муҳокама қилдик. Женнифер Кляйн бу борада амалий ёрдам беришни таклиф қилди. Шуни инобатга олган ҳолда, келгусида алоқаларимизни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш имкониятига эга бўламиз, деб ўйлайман”, дейди Мирзиёева.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саида Мирзиёева Нью-Йоркда ўзбек диаспораси вакиллари билан учрашганди.
Бундан ташқари, жорий йилнинг 23 март куни Мирзиёева БМТнинг бош қароргоҳида Сув масалаларига бағишланган конференциянинг юқори даражадаги ялпи мажлисида нутқ сўзлаган эди.
LiveБарчаси