“Sevimli” ортидан “Кинотеатр” телеканалида ҳам текширув бошланди
Жамият
−
01 Февраль 2022
14965“Sevimli” телеканалида намойиш этилган “Сабрия” сериали ортидан “Кинотеатр” телеканали устидан ҳам текширув бошланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги хабар бермоқда.
Қайд этилишича, кеча, 31 январь куни “Кинотеатр” телеканали орқали соат 22:00 да эфирга узатилган “Баунти” фильмида очиқ саҳналар намойиш этилган ва бу жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлмоқда.
Айни вақтда ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан дастлабки ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Ўрганиш ишлари Агентлик томонидан назоратга олиниб, экспертлар тайинланган.
Таъкидланишича, ўрганиш якунлари юзасидан тайёрланган хулоса асосида “Кинотеатр” телеканалига тақдимнома ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига ҳуқуқий баҳо бериш учун маълумот киритилади.
"Сабрия" машмашаси
Аввалроқ, Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги “Sevimli” телеканалида эфирга узатилаётган "Сабрия" сериалида ахлоқсиз саҳналар мавжудлиги ва бу жамоатчиликнинг кескин эътирозига сабаб бўлгани ортидан экспертиза тайинланганини эълон қилди. Орадан кўп ўтмай, Президент Шавкат Мирзиёевнинг қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева ҳам “Сабрия” сериалини танқид қилди ва ҳеч қайси фильмда аёлларга нисбатан бу қадар нафратни кўрмаганини билдирди.
Ушбу масала кун тартибига чиқиши ортидан телеканал продюсери Амира Рашидова ижтимоий тармоқлар орқали муносабат билдириб, “ахлоқсиз” деган айбловни қўйишдан олдин, кесиб олинган кадрнинг якунини тушуниш учун фильмнинг яна 3 дақиқасини кўриш етарли” эканини маълум қилди.
Шундан сўнг, мазкур масалага Ўзбекистон Кинематография агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов ҳам изоҳ берди. Унга кўра, “Сабрия” сериали ҳақиқатан ҳам бадиий ва мазмунан саёз.
Орадан кўп ўтмай, “Sevimli” телеканали Бош директори вазифасини бажарувчи А.Хўжаев ва бош муҳаррир Қ.Сайдалиев лавозимидан озод этилди. Канал Кузатув кенгаши раиси вазифасини бажарувчи этиб жамоатчилик асосида Фирдавс Абдухолиқов сайланди. Шунингдек, шу пайтга қадар ЎзЭОАВМА бош директори лавозимида ишлаб келаётган Ж.Сафоев канал бош директори вазифасига тайинланган.
20 январь оқшомида “Sevimli” телеканали бош продюсери Амира Рашидова яна ижтимоий тармоқлар орқали баёнот билан чиқиб, Президент Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёевадан узр сўради.
Шунингдек, Маданият вазири Озодбек Назарбеков ахлоқсизликни телевидениеда тарғиб қилишни давлатга хиёнат сифатида баҳолади.
Муҳокамалар давом этаётганда ишга Коррупцияга қарши курашиш агентлиги аралашди ва Кинематография агентлиги шартномалар тузилишида ва давлат субсидияси маблағларининг тақсимланишида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилганини маълум қилди. Агентликка кўра, Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқов турмуш ўртоғи, қизи ва ўғли ҳиссадор бўлган ширкатга тегишли “Sevimli” телеканалига давлат буюртмаларини тендерсиз тортиқ қилиб, бир неча миллиард сўм пул ўтказиб берган.
LiveБарчаси