Сергелидаги портлашда “Қурувчилар” метро бекатига шикаст етди
3-саҳифа
−
28 Сентябрь 2023
12382Бугун, 28 сентябрь куни Тошкент шаҳри Сергели туманида содир бўлган портлаш оқибатида “Қурувчилар” метро бекатига шикаст етди. Бу ҳақда “Тошкент метрополитени” давлат унитар корхонаси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ёнғин содир бўлган ҳудудга яқин бўлган метрополитеннинг Ер усти ҳалқа йўли “Қурувчилар” бекатининг меъморий қисмини енгил шикастлаган, аммо бу ҳолат йўловчи ва поездлар ҳаракатига таъсир кўрсатмаган.
“Барча метро бекатларида поездлар ҳаракати белгиланган жадвал асосида олиб борилмоқда”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сергели туманидаги “Қурувчилар” даҳасида “Inter Logistics” МЧЖга қарашли омборхонада содир бўлган портлаш оқибатларини бартараф этишга Миллий гвардия отрядлари жалб этилгани ҳақида хабар берилган эди.
Воқеа жойига Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов ва Бош вазир Абдулла Арипов етиб бориб, ҳолатни назоратга олган. Шаҳар ҳокимининг маълум қилишича, етказилган моддий зарар қоплаб берилади.
“Биз бу масалани 2-3 кун ичида ҳал қиламиз”, деган у.