“Imarat Development” компанияси раҳбариятига нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Crime

−

image

Тошкент шаҳрининг Сергели туманида фаолият юритувчи “Imarat Development” қурилиш компанияси раҳбариятига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси  хабар берди.

Маълум қилинишича, компания томонидан қурилиши режалаштирилган кўп қаватли турар жой бинолари Тошкент вилоятининг Қуйичирчиқ туманида жойлашган. Айрим фуқаролар уйлар Тошкент шаҳри ҳудудида эмас, балки вилоятда қурилаётганидан норози бўлиб, хонадонлар учун аввал тўлаган пулларини қайтаришни сўраган. Бироқ компания раҳбарияти маблағларни қайтармаган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ҳамда 192-11-моддаси (нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Қайд этилишича, ҳозирда тергов ҳаракатлари Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ва прокуратура назоратига олинган. Шунингдек, тергов якунларига кўра, қонуний қарор қабул қилиниши таъминланган.

“Imarat Development”нинг асосчиси сифатида ижтимоий тармоқларда танилган Марат Ҳамдамов Instagram саҳифасида кетма-кет иккита видеомурожаат эълон қилиб, ўзига босим ва таҳдидлар бўлаётганини, компанияни ундан тортиб олишга уринишаётганини билдирган.

Ҳамдамов биринчи видеомурожаатида сўнгги бир ой давомида бир гуруҳ шахслар компанияни ундан тортиб олиш мақсадида босим ўтказаётганини айтган. Унинг сўзларига кўра, у компанияни ҳеч кимга бермаслигини, таъсисчилар сафидан чиқмаслигини ҳамда мижозлар олдидаги барча мажбуриятларини бажариб, уйларни охиригача қуриб, эгаларига топширишини билдирганидан кейин босимлар янада кучайган.

Тадбиркор ўзига ва оиласига нисбатан таҳдидлар бўлганини, ҳатто ўлим билан қўрқитилганини даъво қилган. Шунингдек, ундан хорижга чиқиб кетиш ва ижтимоий тармоқлардан йўқолиш талаб қилингани, офисига киришига тўсқинлик қилинганини билдирган.

Ҳамдамовнинг айтишича, унга маълум бўлган маълумотларга кўра, айрим шахслар компанияни учинчи томонга сотиш, мижозларга тегишли бўлган ва қуриб битказилган уй-жойларни банкка гаровга қўйиб, кредит олишни режалаштирган. У бундай ҳаракатларга қарши чиққанини ва мижозларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга қарор қилганини таъкидлаган.

У ўзига нисбатан босим, таҳдид ва компанияни эгаллаб олишга қаратилган ҳаракатлар юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга расмий мурожаатлар киритганини ҳам маълум қилган.

Иккинчи видеомурожаатида эса Марат Ҳамдамов компания номи нима сабабдан “Imarat Development”дан “Imtiyaz”га ўзгартирилгани ва компания ичидаги низо нимадан бошланганига изоҳ берган.

Унинг айтишича, жорий йил сентябрь ойида хорижда бўлган вақтида компаниянинг бош молиячиси Жасур Азизов унга қўнғироқ қилган. Ҳамдамов Азизов компания таъсисчиси эмаслиги, бироқ барча молиявий жараёнларни бошқариб келганини айтган.

Ҳамдамовнинг даъво қилишича, телефон суҳбатида Азизов ўз ҳаракатлари натижасида компанияга етказилган, унинг ҳисоб-китобларига кўра, бир неча миллион долларлик зарарни банк кредити олиш орқали қопламоқчи эканини билдирган. Тадбиркор бунга қатъиян қарши чиққан. Шундан сўнг, унинг розилигисиз компания номи “Imarat Development”дан “Imtiyaz”га ўзгартирилганини айтган.

Шунингдек, Ҳамдамов компания офисига келган мижозлар орасида уни фирибгар сифатида кўрсатишга қаратилган маълумотлар тарқатилаётганини билдирган. Иккинчи мурожаатида у ўз баёнотларини тасдиқлаш учун айрим аудио ва видео ёзувларни ҳам намойиш қилган.

Ҳамдамовнинг видеомурожаатлари ортидан бир қатор саволлар юзага келмоқда. Хусусан, агар у компаниянинг таъсисчиси бўлса, унинг розилигисиз компания номини ўзгартириш ва бошқарувини бошқа шахсларга топшириш қандай амалга оширилган?


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends