Сербияда ҳам “хорижий агентлар” ҳақидаги қонун қабул қилиниши мумкин
Олам
−
04 Декабрь
1029Кеча, 3 декабрь куни “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун лойиҳаси Сербия парламентига (Ассамблеяси) раҳбари Бош вазир ўринбосари Александр Вулин бўлган ҳукуматпараст Социалистик ҳаракат депутатлари томонидан тақдим этилди. Бу ҳақда “Коммерсанть” хабар берди.
Ҳужжатдан келиб чиқадики, “хорижий манбалардан молиялаштириладиган сиёсат билан шуғулланаётган барча ташкилотлар ва шахслар рўйхатга олинади ва улар ҳар бир нашрда хорижий агент сифатидаги мақомини кўрсатиши шарт”.
Қонунни бузганлик учун айрим фаолият турлари тақиқланади, жиноий жазо ёки 5 минг динордан (конвертация қилинган: 576 минг сўм) 2 миллион диноргача (230 млн сўм) жарима солинади.
Қайд этиш жоиз, Александр Вулин Сербия ҳукуматидаги BRICS давлатлари билан ҳамкорликни назорат қилади. Шу билан бирга, у мунтазам равишда Россияга ташриф буюради. 2023 йилдан бери у "Болқондаги Россия фаолиятини тарғиб қилгани" учун АҚШ томонидан қабул қилинган санкцияларга дучор бўлди.
TV Pink телеканалига берган интервьюсида Вулин, унинг ҳаракати томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси Американинг хорижий агентларни рўйхатга олиш тўғрисидаги қонунининг (FARA) ўхшаши бўлиб, “ноҳукумат ташкилотларни чет элдан молиялаштиришни тақиқловчи” эканлигини айтди. Айни пайтда, мухолифат буни Россия ёки Грузиянинг “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонунларига кўпроқ ўхшаш деб ҳисобламоқда.
Эслатиб ўтамиз, Грузияда 1 август куни “Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида”ги қонун кучга кирган ва бу мамлакатда оммавий норозиликларга сабаб бўлганди. Кейинчалик Туркия ҳукумати ҳам яқин орада қабул қилиниши режалаштирилган хорижий таъсирга қарши курашиш бўйича қонун лойиҳасини тайёрлагани хабар қилинди.
LiveБарчаси