Грузияда “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун кучга кирди

Олам

image

Грузияда бугун, 1 август куни “Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида”ги қонун кучга кирди ва бу мамлакатда оммавий норозиликларга сабаб бўлди.

Ҳуқуқий нормада даромадининг камида 20 фоизини хориждан оладиган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш мажбурияти юкланган. Қонунда назарда тутилган ташкилотлар ҳар йили Адлия вазирлигига даромадлар ва харажатлар декларациясини тақдим этишлари шарт.

Ушбу талабларни бажаришдан бўйин товлаганлик учун 25 минг лари (тахминан 8,5 минг евро) миқдорида жарима солинади.

Баҳсли қонуннинг қабул қилиниши апрель ойи ўрталаридан бошлаб норозилик намойишлари билан бирга бўлиб келмоқда. Грузия Президенти Саломе Зурабишвили ҳужжатга вето қўйиб, уни “хорижий агентлар тўғрисида”ги Россия қонунининг нусхаси деб атади, бироқ ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси парламентда кўпчилик бўлгани эвазига давлат раҳбарининг ветосини енгиб чиқди.

Кейинчалик Зурабишвили Конституциявий судга даъво аризаси билан чиқди.

Айни пайтда Грузия ҳукумати “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун давлат суверенитетини мустаҳкамлайди ва жамиятдаги қутбланишни камайтиради, деб даъво қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Қўшма Штатлар Грузияга ёрдам дастурини мамлакатда “Ташқи таъсирнинг очиқлиги тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши муносабати билан тўхтатишга қарор қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Грузия хорижий агентлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг