Сенатнинг мартдаги мажлисидан кейин кўринмай қолган Комиловнинг дараги чиқди
Жамият
−
24 Май 2022
28188Жорий йилнинг 22 май куни Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари Абдулазиз Комилов Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал ибн Фарҳан ибн Абдулла билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда “Saudi Press Agency” хабар берди.
Мулоқот чоғида икки томонлама муносабатлар ва уларни мустаҳкамлаш йўллари кўриб чиқилган, шунингдек, минтақавий ва халқаро майдондаги сўнгги ўзгаришлар ҳамда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар муҳокама қилинган.
Қайд этиш керакки, Саудия ахборот агентлиги Абдулазиз Комиловни Ўзбекистон Президентининг махсус вакили деб айтган.
Эслатиб ўтамиз, Комилов бунгача саломатлиги билан боғлиқ муаммо туфайли хорижда даволанаётган эди. У ҳақида анча вақтгача ҳеч қандай маълумот берилмаганди.
Абдулазиз Комилов сўнгги бор жорий йилнинг 17 март куни Сенат ялпи мажлисида кўриниш берган эди. Унда вазир расмий Тошкент ўзини мустақил деб эълон қилган Донецк халқ республикаси ва Луганск халқ республикасини тан олмаслиги, Украинанинг ҳудудий яхлитлигини эса қўллаб-қувватлашини билдирган эди. Шундан сўнг, у ҳеч қаерда кўриниш бермади. Ой охирларига келиб эса, Комиловнинг хорижда даволанаётгани хабар қилинди.
Маълумот учун, Абдулазиз Комилов апрель ойи охирида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланган эди.
LiveБарчаси