Сенат Давлат байроғидан фойдаланиш шартларини енгиллатувчи қонунни маъқуллади
Жамият
−
23 Июнь 2023
5105Эндиликда Давлат байроғидан спорт мусобақаларида, оммавий жисмоний тарбия ва маданий тадбирларда, расмий халқаро тадбирларда, оилавий байрамларда, хотира саналарини нишонлашда, жамият ва давлат арбоблари, ҳарбий хизматчиларнинг дафн маросимларида ҳамда бошқа ҳолларда ҳурматни таъминлаган ҳолда байроқдан фойдаланиш мумкин бўлади. Бу ҳақда бугун, 23 июнь куни Сенатнинг қирқ иккинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан маъқулланган “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонунда назарда тутилган.
Ҳужжатга кўра, байроқ тасвири туширилган белгилардан фойдаланишда ҳам аҳолига кенг имкониятлар яратилмоқда. Жумладан, байроқдан жамоат жойларида, бинолар ва бошқа объектларда, яшаш ёки иш жойларида, транспорт воситаларининг салонида, расмий халқаро тадбирларда, ҳарбий ёки бошқа давлат хизматида бўлган шахсларнинг кийим-бошида ва фарқловчи нишонларида, халқаро спорт мусобақалари ҳамда Ўзбекистон чемпионатлари учун спорт кийим-бошини тайёрлашда фойдаланиш мумкинлиги назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, байроқдан ва унинг тасвири туширилган белгилардан одоб-ахлоқ қоидалари ва жамиятда юриш-туриш қоидаларига зид равишда ёхуд уларни таҳқирлаш ҳисобланадиган бошқача тарзда фойдаланишга йўл қўйилмаслиги белгиланмоқда.
Ўз навбатида Сенат аъзолари томонидан Қонун муҳокамаси жараёнида киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар Давлат байроғидан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга ҳамда аҳоли, айниқса ёшларининг ўз юртига нисбатан меҳр-муҳаббат, фахр-ифтихор туйғуларининг ва ватанпарварлик ҳиссининг янада ошишига, энг муҳими, халқимизнинг байроқ билан янада яқинроқ муносабатда бўлишига хизмат қилиши қайд этилди.
Аввалроқ, жорий йилнинг 30 май куни ЎзЛиДеПнинг қурултойида партиядан номзоди кўрсатилган Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон байроғидан эркин фойдаланиш зарурати тўғрисида тўхталган эди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 5 май куни Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги “Чим” деҳқон бозорида елкасига байроқли лента тақиб олган йигитни ИИБ ходимлари олиб кетаётгани акс этган видео тарқалган эди. Вилояти ИИБ Матбуот хизмати бунга муносабат билдириб, фуқаро ИИБ ходимлари томонидан тўхтатилиб, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат рамзлари тўғрисида”ги қонун талабларига кўра байроқни бундай олиб юриш мумкин эмаслиги, уни ечиб қўйиб давлат рамзларига ҳурматсизлик қилмаслик тушунтирилганида фуқаро ИИБ ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, қаршилик кўрсатганини айтган эди. Шунингдек, йигитга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари билан иш очилганди. Сўнгра йигитга нисбатан қўлланилган қарор бекор қилинди.