Мирзиёев Ўзбекистон байроғидан эркин фойдаланиш зарурлигини айтди
Жамият
−
30 Май 2023
11084Бугун, 30 май куни ЎзЛиДеПнинг қурултойида партиядан номзоди кўрсатилган Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон байроғидан эркин фойдаланиш зарурати тўғрисида тўхталди.
Амалдаги Президент давлат байроғидан фақат байрам ва маросимларда ёки спорт мусобақаларида кўтаришда фойдаланилаётгани, эндиликда эса унинг ҳар бир хонадонда ҳилпираб туришига рухсат берувчи ҳужжатни қабул қилиш вақти етганини таъкидлаган.
“Парламентдаги депутат ва сенаторлардан бу борадаги ҳужжат лойиҳасини қабул қилишда бугунги ҳаётий заруратни ҳам эътиборга олишларини сўрар эдим”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 5 май куни Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги “Чим” деҳқон бозорида елкасига байроқли лента тақиб олган йигитни ИИБ ходимлари олиб кетаётгани акс этган видео тарқалган эди. Вилояти ИИБ Матбуот хизмати бунга муносабат билдириб, фуқаро ИИБ ходимлари томонидан тўхтатилиб, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат рамзлари тўғрисида”ги қонун талабларига кўра байроқни бундай олиб юриш мумкин эмаслиги, уни ечиб қўйиб давлат рамзларига ҳурматсизлик қилмаслик тушунтирилганида фуқаро ИИБ ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, қаршилик кўрсатганини айтган эди. Шунингдек, йигитга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари билан иш очилганди. Сўнгра йигитга нисбатан қўлланилган қарор бекор қилинди.