Саудия Арабистони ва Ўзбекистон ўртасида мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилади

Жамият

image

Ўзбекистон элчихонаси кўмагида Ўзбекистоннинг мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамда Саудия Арабистонининг “Flynas” авиакомпанияси ва “Seera” туристик агентлиги вакиллари ўртасида видеоконференция шаклидаги мулоқот ташкил этилди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, видеоконференцияда Саудия Арабистони Подшоҳлиги делегациясининг жорий йил январь ойида Ўзбекистонга ташрифи доирасида Бухоро шаҳрида ўтказилган бизнес-форумда “Uzbekistan airways” АЖ ва Саудиянинг “Flynas” авиакомпанияси ўртасида туризмни ривожлантириш тўғрисида имзоланган Англашув меморандумида белгиланган вазифаларнинг амалий натижалари хусусида фикр алмашилган.

“Flynas” авиакомпанияси вакиллари жорий йил 12 июндан бошлаб “Ар-Риёд – Тошкент – Ар-Риёд” йўналиши бўйича ҳафтасига уч марта мунтазам авиақатновлар амалга оширишни режалаштирганини маълум қилди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, 2020 йилда бошланган коронавирус пандемияси туфайли Подшоҳлик ўз фуқароларини хорижга чиқиши бўйича вақтинча чекловлар ўрнатган эди. Айни пайтда Саудия Арабистони ҳукумати ўз фуқароларига коронавирус билан боғлиқ вазият яхшиланган давлатларга жорий йил 17 майдан бошлаб сафар қилишга рухсат берди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилда Ҳаж зиёрати 17-22 июль кунлари бўлиб ўтади.


Мақола муаллифи

Теглар

Саудия Арабистони Авиақатнов

Баҳолаганлар

140

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг