Самарқандда ўқувчини урган мактаб ходимаси ишдан ҳайдалди (видео)
3-саҳифа
−
14 Октябрь 22008 2 дақиқа
Аввалроқ, Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманидаги 71-ўрта таълим мактабида мактаб ходимаси бошланғич синф ўқувчисини ургани ҳақида хабар берилган эди. Ушбу ҳолат ортидан ўқувчига қўл кўтарган ходима ишдан олинди. Бу ҳақда вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, ҳолат жорий йилнинг 6 октябрь куни соат 09:30 лар атрофида содир бўлган. Мактабнинг кадрлар бўйича менежери бўлиб ишловчи Қ.С.нинг олдига танаффус вақтида 3-А синфда ўқувчи фарзанди Қ.И. келиб, уни синфдоши Р.Ф. урганини айтган. Мазкур ҳолатдан сўнг она фарзанди билан жанжаллашган ўқувчининг синфига бориб, унга қўл кўтарган.
Жорий йилнинг 7 октябрь куни ҳолат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан назоратга олиниб, жабрланувчи ўқувчи Р.Ф.ни тан жароҳати олган ёки олмагани юзасидан судга оид экспертиза тайинланган. Экспертиза хулосасига кўра, болага енгил тан жароҳати етказилгани аниқланган. Айни пайтда ҳолат суд тартибида кўриб чиқилмоқда.
Билдирилишича, ушбу ҳолат ортидан Қ.С. билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган. Шунингдек, ходимнинг ички одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилишини назоратга олмагани учун мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари К.А.га нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилган.
Эсалтиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳридаги 7-мактабда инглиз тили ўқитувчиси 3-синф ўқувчиларининг пешонаси ва юзига “икки” баҳо қўйиб ташлагани учун “ҳайфсан” интизомий жазо чораси олган эди.
Live
Барчаси