Самарқандда прокурор қарийб $24000 пора билан ушланди

3-саҳифа

image

Самарқанд вилояти Ургут тумани прокурорининг ўринбосари жами ҳисобда қарийб 24 000 АҚШ доллари миқдоридаги пора билан қўлга тушди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ДХХнинг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси томонидан Бош прокуратуранинг ШХБ ва вилоят прокуратураси билан ҳамкорликда олиб борилган тезкор-қидирув тадбирларида Ургут тумани прокурори ўринбосарининг қилмишлари фош этилган.

Хусусан, мазкур мансабдор шахс Пастдарғом тумани прокуратурасида фаолият юритган даврида хизмат мавқеидан фойдаланиб, маҳаллий МЧЖ томонидан табиий газдан ноқонуний фойдаланилиши натижасида 2 млрд 887 млн сўм миқдорида давлатга етказилган зарарни 805,9 млн сўмга камайтириб бериш эвазига воситачилар орқали 6,5 минг АҚШ доллари ва 35 млн сўм пора олган.

Бу билан чекланмай, прокуратура томонидан МЧЖ мансабдорларига нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси билан қўзғатилган жиноят иши доирасида зарар миқдорини 150–200 млн сўмгача камайтиришни ва уларга суд идораларидаги танишлари орқали енгил жазо тайинланишида ёрдам беришини айтиб, МЧЖ эгасидан 15 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Прокурорнинг ноқонуний ҳаракатлари бўйича ашёвий далиллар процессуал тартибда ҳужжатлаштирилган. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳри ва Андижон вилоятида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида пора олган кадастр бош инспектори ва ер майдонини ноқонуний сотган фуқаро ушланган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг