Саидов “Толибон” юборган янги элчини қабул қилди
Жамият
−
10 Октябрь
3724Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов яқинда ўз вазифасини бажаришга киришган, “Толибон” томонидан жўнатилган янги элчи Абдул Ғаффор Теравийни қабул қилди. Бу ҳақда Саидов ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Абдул Ғаффор Теравий сентябрь ойи охирида Афғонистоннинг Ўзбекистондаги дипломатик миссияси раҳбари сифатида иш бошлаган. Бахтиёр Саидов билан учрашув кеча, 9 октябрь куни бўлиб ўтган. Учрашув давомида томонлар Ўзбекистон ва Афғонистон алоқаларини ҳар томонлама ривожлантириш, ишлатилмаган салоҳиятни рўёбга чиқариш, икки мамлакат халқлари манфаатларига хизмат қиладиган янги лойиҳалар ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлаган.
Теравий Ўзбекистон томонига доимий равишда кўрсатилаётган кўмак учун “Толибон” номидан миннатдорлик билдирган.
“Бугунги учрашувимиз давомида икки томонлама, минтақавий ва глобал кун тартибидаги долзарб масалаларни муҳокама қилдик”, дея ёзган Бахтиёр Саидов.
Маълумот учун, жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистон Афғонистон элчихонасини “Толибон” дипломатларига топширган эди. Ўшанда “Толибон” томонидан Афғонистоннинг Тошкентдаги элчихонасига элчи этиб тайинланган Муғфуруллоҳ Шаҳоб олдинги ҳукумат даврида элчиликка тайинланган Аҳмад Холид Илмийнинг ўрнини эгаллаган. Бироқ апрель ойида Муғфуруллоҳ Шаҳоб ўрнига Абдул Ғаффор Теравий элчи этиб тайинланди. Август ойида эса “Толибон” муваққат ҳукуматидаги ташқи ишлар вазирлигининг учинчи сиёсий департаменти директори Зокир Жалолий Афғонистоннинг Ўзбекистондаги расмий элчиси сифатида Абдул Ғаффор Теравий таништирилганини айтди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Толибон” тарафидан Афғонистоннинг Ўзбекистондаги элчиси этиб тайинланган Абдул Ғаффор Теравий Тошкентга етиб келгани хабар қилинганди. Уни муқаддам элчихонада раҳбарлик қилган Муғфуруллоҳ Шаҳоб ва Ўзбекистоннинг Афғонистондаги элчиси сифатида 12 йиллик миссиясини якунлаган Ёдгорхўжа Шодмонов кутиб олган.
LiveБарчаси