“Толибон” элчиси Тошкентга келди (фото)
Жамият
−
22 Сентябрь
6994Бугун, 22 сентябрь куни “Толибон” тарафидан Афғонистоннинг Ўзбекистондаги элчиси этиб тайинланган Абдул Ғаффор Баҳр Тошкентга етиб келди. Бу ҳақда “Shafaqna Afghanistan” нашри хабар берди.
“Толибон” муваққат ҳукуматининг ташқи ишлар вазирлигига кўра, элчи бир неча кундан кейин расман ўз ишини бошлаши режалаштирилган. Уни муқаддам элчихонада раҳбарлик қилган Муғфуруллоҳ Шаҳоб ва Ўзбекистоннинг Афғонистондаги элчиси сифатида 12 йиллик миссиясини якунлаган Ёдгорхўжа Шодмонов кутиб олган.
Маълумот учун, жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистон Афғонистон элчихонасини “Толибон” дипломатларига топширган эди. Ўшанда “Толибон” томонидан Афғонистоннинг Тошкентдаги элчихонасига элчи этиб тайинланган Муғфуруллоҳ Шаҳоб олдинги ҳукумат даврида элчиликка тайинланган Аҳмад Холид Илмийнинг ўрнини эгаллаган. Бироқ апрель ойида Муғфуруллоҳ Шаҳоб ўрнига Абдул Ғаффор Баҳр элчи этиб тайинланди. Август ойида эса “Толибон” муваққат ҳукуматидаги ташқи ишлар вазирлигининг учинчи сиёсий департаменти директори Зокир Жалолий Афғонистоннинг Ўзбекистондаги расмий элчиси сифатида Абдулғофар Тиравий таништирилганини айтди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17 август куни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Афғонистоннинг Қобул шаҳрига боргани хабар қилинганди. Ташриф доирасида Ўзбекистон ҳамда “Толибон” муваққат ҳукумати раҳбарияти ўртасида 5 та шартнома имзоланди.
LiveБарчаси