Бельгиянинг Ўзбекистондаги янги элчиси тайинланди
Local
−
20:42 248 1 minute
Бугун, 10 сентябрь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Бельгиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Матиас Кендедан ишонч ёрлиқлари нусхаларини қабул қилди. Бу ҳақда Саидов ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Қайд этилишича, суҳбат давомида Тошкентда Бельгия элчихонаси фаолияти йўлга қўйилаётгани икки давлат муносабатларидаги муҳим воқеа экани қайд этилган.
Давлатлар ўртасидаги сиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
“Икки томонлама ва Европа Иттифоқи доирасида Ўзбекистон-Бельгия алоқаларини янада ривожлантиришга тайёрлигимизни таъкидладик. Элчи жанобларига Ўзбекистондаги масъулиятли ва шарафли фаолиятида улкан муваффақиятлар тилаймиз”, дейди Саидов.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бельгия қироллиги Тошкент шаҳрида элчихона очишни режалаштираётгани ҳақида хабар берилган эди. Ўзбекистоннинг ушбу мамлакатдаги биринчи элчихонаси эса 1995 йил июнь ойида очилган. Бунгача Марказий Осиё давлатларидан фақат Қозоғистоннинг Остона шаҳрида Бельгия элчихонаси мавжуд бўлган. Тошкентда эса фахрий консуллик фаолият юритади.
Live
All