“Сабрия” сериалидаги ахлоқсиз саҳналар бўйича экспертиза натижалари Бош прокуратурага оширилди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан “Sevimli” телеканалида эфирга узатилган “Сабрия” номли миллий телесериалида ахлоқсизлик саҳналари юзасидан бошлаган экспертизаси якунланди. Агентлик ўрганиш натижаларини эълон қилди.

Экспертиза давомида телесериалнинг 2021 йил 29 декабрь кунги қисмида Арслон исмли қаҳрамоннинг меҳмонхонада бегона аёл билан ётгани, 2022 йил 4 январь кунги қисмида бир аёлнинг маст ҳолатдаги турмуш ўртоғини уни хўрлагани учун ухлаб ётган вақтида пичоқлаб ўлдиргани, бундан ташқари, 14 январь кунги қисмида эса уч нафар безорининг гиёҳванд моддаларни истеъмол қилгани ва уларнинг битта хонадонга бостириб киргани, йигитлардан бири уйдаги аёлга зўрлик ишлатгани тасвирланган сюжетлар ўрганилган.

Экспертлар қуйидаги хулосага келишган:

•    лавҳа сюжетидаги ўғрининг аёлга қилган хатти-ҳаракатлари куч ишлатиш йўли билан номусига тегишга уриниш саҳнаси сифатида баҳоланди. Бундай телесериалларнинг намойиш этилиши ёшлар ўртасида хотин-қизларга нисбатан куч ишлатишга мойилликни оширишга хизмат қилади;

•    бадиий фильм ва телесериал жамиятдаги қарашларни, ёшларнинг тарбиясини шакллантирадиган муҳим воситалардан бири эканини ҳисобга олиб, оммага тақдим этилаётган ҳар бир сюжет, сўз ва ҳаракат учун масъулиятли бўлиш керак;

•    аёлларнинг обрўйига жиддий путур етказаётган саёз “ижод намуналари” эфирга узатилишининг олдини олиш, гендер тенглиги ва бошқа умуминсоний қадриятлар, миллий менталитетни ҳисобга олиб, этика нуқтаи назаридан телесериалларни телеканалларнинг бадиий таҳлилидан ўтказилгандан сўнггина намойиш қилиш мақсадга мувофиқ.

Шунингдек, аёлга тўғридан-тўғри тажовуз тасвири акс этган ушбу лавҳа ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан кескин танқид қилиниб, салбий фикр-мулоҳазалар ифода этилишига, шу жумладан, айрим фуқаролар, масъул ходимларнинг обрўсизланишига сабаб бўлган.

“Сабрия” номли миллий телесериал бўйича тайёрланган экспертиза хулосаси ўрнатилган тартибда кўриб чиқиш ва ҳуқуқий баҳо бериш учун Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига жўнатилган.

Эслатиб ўтамиз, Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги “Sevimli” телеканалида эфирга узатилаётган "Сабрия" сериалида ахлоқсиз саҳналар мавжудлиги ва бу жамоатчиликнинг кескин эътирозига сабаб бўлгани ортидан экспертиза тайинланганини эълон қилди. Орадан кўп ўтмай, Президент Шавкат Мирзиёевнинг қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева ҳам “Сабрия” сериалини танқид қилди ва ҳеч қайси фильмда аёлларга нисбатан бу қадар нафратни кўрмаганини билдирди

Ушбу масала кун тартибига чиқиши ортидан телеканал продюсери Амира Рашидова ижтимоий тармоқлар орқали муносабат билдириб, “ахлоқсиз” деган айбловни қўйишдан олдин, кесиб олинган кадрнинг якунини тушуниш учун фильмнинг яна 3 дақиқасини кўриш етарли” эканини маълум қилди

Шундан сўнг, мазкур масалага Ўзбекистон Кинематография агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов  ҳам изоҳ берди. Унга кўра, “Сабрия” сериали ҳақиқатан ҳам бадиий ва мазмунан саёз.

Орадан кўп ўтмай, “Sevimli” телеканали Бош директори вазифасини бажарувчи А.Хўжаев ва бош муҳаррир Қ.Сайдалиев лавозимидан озод этилди. Канал Кузатув кенгаши раиси вазифасини бажарувчи этиб жамоатчилик асосида Фирдавс Абдухолиқов сайланди. Шунингдек, шу пайтга қадар ЎзЭОАВМА бош директори лавозимида ишлаб келаётган Ж.Сафоев канал бош директори вазифасига тайинланган. 

20 январь оқшомида “Sevimli” телеканали бош продюсери Амира Рашидова яна ижтимоий тармоқлар орқали баёнот билан чиқиб, Президент Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёевадан узр сўради.

Шунингдек, Маданият вазири Озодбек Назарбеков ахлоқсизликни телевидениеда тарғиб қилишни давлатга хиёнат сифатида баҳолади.

Муҳокамалар давом этаётганда ишга Коррупцияга қарши курашиш агентлиги аралашди ва Кинематография агентлиги шартномалар тузилишида ва давлат субсидияси маблағларининг тақсимланишида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилганини маълум қилди. Агентликка кўра, Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқов турмуш ўртоғи, қизи ва ўғли ҳиссадор бўлган ширкатга тегишли “Sevimli” телеканалига давлат буюртмаларини тендерсиз тортиқ қилиб, бир неча миллиард сўм пул ўтказиб берган.


Мақола муаллифи

Теглар

сериал

Баҳолаганлар

1213

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг