Саакашвилига чиқарилган ҳукм ўзгаришсиз қолди
Олам
−
22 Май 5381 2 дақиқа
Грузиянинг апелляция суди мамлакатнинг собиқ президенти Михаил Саакашвили бўйича чегаранинг ноқонуний кесиб ўтилгани ҳақидаги иш юзасидан оғзаки эшитувни ўтказмасдан, биринчи инстанция судининг ҳукмини ўз кучида қолдирди. Бу ҳақда “Sputnik” хабар берди.
2021 йилда яширинча Грузияга қайтган Михаил Саакашвили ушбу иши бўйича 4,5 йил озодликдан маҳрум этилган эди. Кейинчалик бу бошқа ишлар бўйича ҳукмлар билан бирлаштирилиб, якуний жазо 12 йил 6 ойлик қамоқ жазоси этиб белгиланганди.
Саакашвилининг адвокати Бека Басилаиа суд қарори жиноят-процессуал қонунчилик нормаларига зид эканини таъкидлаган. Унга кўра, судья ҳукмларни мисли кўрилмаган тарзда бирлаштириб, якунда асоссиз тарзда 12,5 йиллик қамоқ жазосини берган.
Маълумот учун, Саакашвили 2013 йилда Грузияни тарк этган, шундан сўнг мамлакатда унга қарши тўртта жиноий иш очилган, шундан иккитасида сиёсатчи сиртдан уч ва олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. 2021 йилнинг октябрь ойида Саакашвили Грузияга яширинча келганида ҳибсга олинган. 2022 йилнинг май ойида соғлиғи ёмонлашгани сабабли у Тбилисидаги “Вивамед” хусусий клиникасига олиб ўтилган.
Шундай қилиб, жазоларнинг қисман қўшилиши муносабати билан Михаил Саакашвили 12 йил 6 ой муддатга қамалган. Грузия собиқ президентининг тарафдорлари ва ҳуқуқ ҳимоячилари унга қўйилган айбловларни сиёсий деб ҳисобламоқда. Европа Иттифоқи Михаил Саакашвилини сиёсий маҳбус деб тан олган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Грузиянинг ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси Михаил Саакашвилини 2008 йилда Жанубий Осетия устидан урушни ташқи кучлар буйруғи билан бошлаганликда айблаганди.