Россиянинг Покровскга ҳужуми оқибатида 7 киши ҳалок бўлди
Олам
−
08 Август 2023
6353Россия қўшинлари Украинанинг Донецк вилояти Покровск шаҳридаги кўп қаватли турар-жой биносига ракета билан зарба берди. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский маълум қилди.
"Донецк вилояти, Покровск шаҳри. Иккита ракета зарбаси. Оддий турар-жой биносига кириш. Афсуски, жабрланганлар ҳам бор”, деб ёзган давлат раҳбари Telegram’даги саҳифасида.
Унга кўра, воқеа жойида қутқарувчилар ва барча зарур хизматлар ишламоқда. Қутқарув ишлари давом этмоқда.
Донецк вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Павел Кириленко эса кеча, 7 август куни Покровск марказига икки марта – соат 19:15 ва 19:52 да “Искандер” ракеталари келиб урилганини маълум қилган. Оқибатда шаҳарда кўп қаватли ва хусусий уй-жойлар, маъмурий бинолар, умумий овқатланиш шохобчалари, меҳмонхона вайрон бўлган ёки зарар кўрган.
“Ukrinform” маълумотларига кўра, маҳаллий вақт билан соат 07:00 ҳолатига кўра, 7 киши ҳалок бўлган, 67 киши, жумладан, 29 нафар полициячи, 7 нафар қутқарувчи ва 2 нафар бола жароҳат олган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ ҳам Украина пойтахти Киев, шунингдек, Запорожье, Харьков ва Днепропетровск вилоятларига ракета ва ҳужумчи дронлар билан зарба берилганди. 2 августга ўтар кечаси Киевнинг учта туманида портлашлар содир бўлганди. Россия пойтахти Москвага эса 24, 28, 30 июль ҳамда 1 ва 6 август куни дронлар ҳужуми уюштирилганди.
LiveБарчаси