Россиянинг Днепропетровскка ҳужумида 3 ойлик чақалоқ ҳалок бўлди
Олам
−
13:01 558 1 дақиқа
Россия кучлари бугун, 15 августга ўтар кечаси Украинанинг Днепропетровск вилоятига уюштирган ҳужуми оқибатида 3 ойлик чақалоқ ҳалок бўлиб, яна 11 киши жароҳатланди. Бу ҳақда вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Ганжа маълум қилди.
Унинг айтишича, ҳужумлар дронлар, артиллерия ва авиабомбалар ёрдамида вилоятнинг 3 туманига уюштирилган. Никополь туманидаги Марганец шаҳрига берилган зарба оқибатида 3 ойлик ўғил бола ҳалок бўлган.
Жароҳатланганлар орасида 5 ёшли ўғил бола, 12 ёшли қиз, 39 ёшли эркак ҳамда 33, 40, 41 ва 62 ёшли аёллар бор. Уларнинг айримлари оғир аҳволда шифохонага ётқизилган, яна тўрт нафар жабрланувчига амбулатор ёрдам кўрсатилмоқда.
Ҳужумлар оқибатида кўп қаватли уйлар, дўкон, кинотеатр ва автомобилларга зарар етган. Шунингдек, Никополь тумани ва Покровск ҳамжамияти ҳам ҳужумга учраган.
Синельниково туманидаги Миколайивка, Покровск ва Васильковка ҳамжамиятларига берилган зарбалар оқибатида қишлоқ хўжалиги корхонаси ҳамда маданият маркази шикастланган. Самар туманидаги Пишчанка ҳамжамиятига уюштирилган ҳужум оқибатида эса хусусий турар жой мажмуаси зарар кўрган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия қўшинлари Украинанинг жануби-шарқидаги Запорожье шаҳрига дрон ва ракеталар билан уюштирган қўшма ҳужуми оқибатида 5 киши ҳалок бўлиб, 20 киши жароҳатланганди.
Live
Барчаси