Россиялик урбанист Келес йўли бўйича “оламшумул ғоя”ни ер билан бир қилди
Олам
−
12 Январь 2023
26997Россиялик таниқли шаҳарсоз Аркадий Гершман Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Келес йўлини таъмирлаш лойиҳасини кескин танқид қилди.
Унинг фикрича, автобуслар жамоат транспорти учун ажратилган йўл қисмидан бурилиши керак. Шу сабабли охирги дақиқалардагина машиналар оқимига қўшилишига тўғри келади. Умуман, белгиларни ўрнатиш ва А-разметкаларни ўрнатиш билан вазият яхши бўлиб қолмайди.
“Бунда ерни ўзлаштириш керак бўлади. Зеро, кўча бўйидаги мавжуд дарахтлар ўрнини асфальт-бетон эгаллайди. Манзарали ўсимликлар соя бермайди, бу эса Тошкент иқлими шароитида жуда зарур. Пиёда ва велосипедчиларнинг расмларига эса одамнинг кулгиси келади, чунки ақли расо одам соя бўлмаса юрмайди. Аксига олиб, келажакда бу ерда дарахат экиб бўлмайди, боиси коммуникация тармоқлари тротуар остидан ўтказилади, қўриқланадиган ҳудудда эса дарахт экишга рухсат берилмайди. Бундан ташқари, ариқларга ҳам юклама ошади, чунки сув асфальт ва бетон орқали сизиб ўтолмайди”, деган у.
Шунингдек, шаҳарсоз Келес йўлининг ҳамма жойидан стоп-линиялар ўтгани, бунинг оқибатида эса светофорнинг ҳар бир фазасини узайтириш талаб этилишини танқид остига олган.
Гершманнинг таъкидлашича, бунинг оқибатида машиналар узоқ масофани босиб ўтишга, ҳамма яшил чироқни кўпроқ кутишга мажбур бўлади. Бу эса йўлнинг ўтказиш қобилиятини пасайтиради.
Шунингдек, урбанист бу йўлда хавфсизлик оролчалари ҳақида умуман ўйланмаганини айтган.
“Янги полосалар ҳам кераксиз жойда пайдо бўлиб қолган. Балки лойиҳачиларнинг асосий мақсади йўлни таъмирлашга кўпроқ пул олиш бўлгандир. Ўйлаб кўринг, светофорнинг бир фазасида кўчада 3 қатор машина, иккинчи фазада икки қатор машина юраётган бўлса, светофордан сўнг 5 полоса қилиш керакми? Албатта, йўқ, чунки ўша вақтда учта полосада трафик бўлади. Бу фақатгина битта мисол”, деган у.
Аркадий Гершман бу лойиҳа “машиналар учун йўлни кенгайтиришни қандайдир замонавий нарса билан кўзни шамғалат қилишга уриниш” деб баҳолади.
“Автобус ва пиёдалар устуворлиги тилга олингани шунчаки эртакдир. Ваҳоланки, марказдан тезюрар автобус учун коридор қўйиш, дарахт экиш ҳамда йўлни ҳамма учун қулай ва хавфсиз қилиш мумкин эди. Аммо Тошкент ҳокимияти бунга тайёр эмасга ўхшайди”, дея ўз фикрларини якунлаган Гершман.
Маълумот учун, 2022 йилнинг февраль ойида Тошкент шаҳар ҳокимлиги транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш, пиёдаларнинг хавфсиз ҳаракатланишига шароит яратиш мақсадида, шунингдек, аҳолидан келиб тушаётган мурожаат ва таклифларга асосан, Олмазор туманида жойлашган Келес йўли кўчасини тўлиқ таъмирлаш лойиҳаси ишлаб чиққан эди. Ўшанда ҳокимият мазкур таъмирлаш ишлари Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг қўшимча даромадлари ҳисобидан амалга оширилишини айтган.
LiveБарчаси