Курс UZS

USD

12 960.38

-6

EUR

14 152.73

-61.02

RUB

151.92

1.69

Тошкентда яна “қирғин”. Дарахтлар қани?

Жамият

Ижтимоий тармоқларда Тошкентда яна дарахтларга қарши тозалаш ишлари бошлангани ҳақида хавотирли хабарлар тарқалди. QALAMPIR.UZ ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Олмазор туманидаги Ҳазрати Имом даҳаси Қорасарой кўчасига етиб келди. 

Дарахтлар айни дамда қурилиш ишлари кетаётган “Ислом цивилизацияси маркази” олдида кесилмоқда. Айтишларича, бу ерга бир неча қаватлик туннель ўтказилиши режалаштирилган. Бу ҳолат бир суткадан бери ижтимоий тармоқда айланар экан, сайловдан олдин қоп-қоп ваъда берган туман-шаҳар кенгаши депутатларидан бирор садо чиқмади. Нима, дўппи тор келганда ваъдалар унутиладими? Вазиятга масъул ҳисобланган на Қурилиш вазирлиги, на Экология вазирлиги муносабат бериб чиқди. Ҳолат бўйича жамоатчилик фикри ўрганилганми, йўқми бу ҳам қоронғи. Бугун бу ерда дарахтлар кесилаётган бўлса, бундан бир неча йиллар аввал “Ислом цивилизацияси маркази” қурилиши учун ҳудуддаги 241 та хонадон бузилишга тушганди.

Биз ҳақиқатдан ҳам йўл четлари бўйлаб ўсган кўплаб дарахтлар кесилиб, илдизи билан олиб кетилганининг гувоҳи бўлдик. Оғочлар кўчирилиб бошқа жойга экиладими ёки шу билан уларнинг ҳаёти биттими? Бу савол кўплаб тошкентликларни қийнамоқда.

Дарахтларнинг ўрни ҳали совимаган, аҳолининг айтишича, бу ишлар яқин бир неча кун ичида содир бўлган. Ўз шахсини очиқлашни истамаган фуқарога кўра, бунга норозилик билдирганларга мутасаддилар аҳоли кўчага хўжайин эмаслигини, уйидан ташқарида бўлаётган ишларга аралашмасликларини айтишган ва дарахтлар кўчирилиб, бошқа ерга ўтказилиши маълум қилинган.

“Қонун-қоидаси бўйича кимдир сўраши керак, лекин сўраб ўтиришмаган”, дейди яна бир фуқаро.

Яна бир аҳоли вакилининг маълум қилишича, дарахтлар 10 ёшлар атрофида бўлган ва фуқароларнинг ўзи томонидан экилган дарахтлар ҳеч қандай рухсат ва огоҳлантиришсиз кесиб кетилган. 

“7-8 йиллик арчалар бор эди, ўзимиз эккан эдик. Керак экан, олишди, ҳеч нима қилолмадик”, дейди фуқаро.

Йўлимиздан чиққан бир отахон эса, ҳокимликнинг бефарқлигини танқид қилиб, шаҳар бедарвоза бўлиб қолганидан куйинди.

“Хоҳлаган ишини қилади, дарахтларни кесишяпти. Шаҳарни бедарвоза дерди, шаҳарнинг дарвозаси қолмади. Ким нимани хоҳласа, ўшани қиляпти. Ҳокимлар қарамаяпти. Ариқлар тўлиб оқарди бир вақтлар”, деди у.

Ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида биз Экология вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлигига боғланишга уриндик. Вазирлик бизнинг қўнғироқларимизга жавоб бермаган бўлса, ҳокимлик одатда дарахтларни кўчириш Тошкент “Ботаника боғи” дендрологларининг илмий хулосаси асосида Экология вазирлиги органлари билан  келишилган ҳолда амалга оширилишини билдирди.

“Тартиби бўйича, “Ботаника боғи”нинг дендрологи келади, мисол учун бу дарахт соғлом, сақлаб қолиш, кўчириш керак фалон жойга, сув бўйида қўшимча 3 йил парвариш талаб қилади дейди. Бошқасини кўчирса, кўчирмаса яшамайди дейди. Кейин Экология вазирлигига илмий хулоса беради, шу билан кесиш ёки кўчиришга рухсат берилади. Менимча, бу ишлар хулосасиз қилинмаган”, дейди Тошкент шаҳри ҳокимининг матбуот котиби Гулноза Қосимова.

Хўш, агар илдизи билан қўпорилган дарахтлар бошқа ҳудудга олиб бориб экиладиган бўлса, бу қаерда? Тўсиқлар ортига яширилган ўнлаб танаси кесилган тўнкалар-чи, уларга ким жавоб беради, ушбу саволларимиз очиқ қолмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент шаҳар ҳокимлиги дарахтлар Экология вазирлиги Гулноза Қосимова

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг