Эътирозлар ортидан Тошкентда дизайн-кодни жорий этиш тартиби қайта кўрилди

Жамият

image

Пойтахт ҳокимлиги дизайн-кодни жорий этишда хатоларга йўл қўйганини тан олди ва билдирилган фикрлар асосида уни қайта кўриб чиқди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги хабар берди.

Қайд этилишича, ижтимоий тармоқлар орқали соҳа мутахассислари ва жамоатчилик томонидан билдирилган конструктив, жумладан, танқидий фикр-мулоҳазалардан сўнг шаҳар кўчалари қиёфасидаги ўзгаришларни ёритиш ва тадбиркорларга дизайн-код талабларини тушунтиришга доир ёндашув қайта кўриб чиқилди. 

Бунда асосий эътибор очиқ мулоқотга, маълумотларни тушунарли тарзда етказишга ва юзага келадиган масалаларни индивидуал тартибда кўриб чиқишга қаратилган. 

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 11 майидан 26 июлига қадар дизайн-кодни жорий этиш ишлари пойтахтнинг 56 та кўчасидаги 3 228 та тадбиркорлик субъектини қамраб олган. Ўзгаришлар бевосита таъсир кўрсатган тадбиркорларнинг фикрини ўрганиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда сўровнома ўтказган. 

Тескари алоқа натижаларига кўра, айрим ҳолларда талаблар, ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби ва бажариладиган ишлар кетма-кетлиги ўз вақтида ва етарлича тушунарли тарзда изоҳланмаган. Бу эътирозлар ўринли деб топилган ва келгуси ишларда инобатга олинган. 

Ҳокимликнинг қайд этишича, бугунги кунга келиб 509 нафар тадбиркор ўз биноси фасадини янгилаган, яна 2 627 нафари бу борадаги ишларни якунламоқда. Қолган масалалар туман ҳокимликлари ва мутасадди ташкилотлар билан биргаликда индивидуал тарзда кўриб чиқилиши билдирилган. 

Бундан ташқари, “Тошкент Инвест Компанияси” АЖ, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Рақамли ривожланиш департаменти экспертлари иштирокида 18 та реклама-ишлаб чиқариш компанияси мутахассисларининг малакаси оширилган.

“Вазифамиз – шунчаки фасадларни ягона талабларга мослаштириш эмас, балки бу жараённи тадбиркорлар учун тушунарли ва адолатли ташкил этишдир. Дизайн-код бизнес учун асоссиз қийинчиликлар яратмасдан, пойтахтимиз қиёфасини яхшилаши лозим”, дейилади ҳокимлик ахборотномасида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов бошчилигида шаҳарда дизайн-код борасида олиб борилаётган ишларни шармандали деб атаган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг