Россиялик cенатор Ўзбекистонга Украина тақдирини эслатди
Жамият
−
27 Сентябрь
23978Россия парламентининг юқори палатаси – Федерация кенгаши халқаро ишлар бўйича қўмита раисининг ўринбосари Андрей Климов Ўзбекистон парламенти спикери ўринбосари Алишер Қодировнинг Россияга “ўз ички ишлари билан шуғулланиш” чақириғига “жавобан” Украинага шаъма қилиб, мамлакат тақдирини эслатди. Бу ҳақда у “Lenta.ru” нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
“Ҳар қандай ҳодиса юзасидан дарҳол бундай оҳангда гапиришга қаршиман. Ўзини ўқитувчи деб атаётган шахснинг қилган иши нафақат ҳуқуқбузарлик, балки бундан ҳам кўпроқ. Вице-спикернинг сўзлари эса таажжуб уйғотади”, дейди Климов.
Сенаторнинг таъкидлашича, Марказий Осиёни Россия билан билан уруштиришни хоҳлайдиганлар жуда кўп.
“Узоқ вақт давомида ўзини шундай тутган битта мамлакат бор эди. Энди у жуда оғир аҳволга тушиб қолди”, деди Климов Украинани эслатмоқчи бўлиб.
Климовга кўра, бундай ҳодисалар ана шундай кайфиятдагилар учун қулай замин бўлади.
“Менимча, энди ўқитувчи деб аташ қийин бўлган бу педагог геосиёсий масалалар ҳақида ўйламаган. Эҳтимол, маиший омиллар таъсир кўрсатган. Шундай экан, келинглар, бу масалани расмий каналлар орқали қандай ҳал қилиш мумкинлигини кўриб чиқамиз”, дейди у.
Ўзи нима бўлган эди?
Жорий йилнинг 23 сентябрь куни Чилонзор туманидаги 188-сонли умумтаълим мактабида 6-синфида рус тили фани дарсида ўқитувчи Р.О.га ўқувчи Э.Г. гап қайтарган ва тортишиб қолган.
Сўнгра ўқитувчи Р.О. ўқувчи Э.Г.ни қулоғидан чўзган, ўтирган жойидан тортиб олиб чиққан ва ўқувчининг юзига тарсаки туширган. Мазкур воқеа видеоси ижтимоий тармоқларда тарқалиб кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Хусусан, Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова Ўзбекистондан юз берган ҳодисага ҳуқуқий баҳо беришни ва болага нисбатан шафқатсизлик қилган айбдорга қарши чоралар кўришни сўраб, мазкур масала диққат-эътибор марказида тутишини билдирди.
Шундан сўнг, бир қатор ўзбекистонлик расмийлар, хусусан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари Алишер Қодиров, Ўзбекистон журналистика ва оммавий комуникатсиялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа ва Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасановлар Мария Захарованинг талабига муносабат билдириб, Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашмасликни, уни мамлакатни ўзи ўз қонунлари доирасида ҳал қилишини айтди.
Бунга жавобан, Россия Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистоннинг Москвадаги элчиси Ботиржон Асадовга умумий фуқаролик ва дипломатик одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилишга қаратилган тақдимнома киритди.
Кеча, 26 сентябрь куни Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясининг 79-сессияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашди. Суҳбат давомида давлатлар бир-бирларининг ички ишларига аралашмаслик тамойилига амал қилиши муҳимлиги таъкидланди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа ўз интервьюсида бир мамлакатда яшаб туриб, унинг тилини билмайдиганларни “босқинчи ёки аҳмоқ” дея атаганди. Ўшанда ҳам Россотрудничество раҳбари Евгений Примаков журналист билан ҳар қандай алоқалар тўхтатилиши ва унинг ўзи, қариндошларига Россияга кириш тақиқланиши мумкинлигини маълум қилганди.