Россиядаги мусулмон курьерларга ҳаром маҳсулотларни етказиб бериш тақиқланди
Олам
−
08 Октябрь 2025 5539 2 дақиқа
Россия Федерацияси мусулмонлари диний бошқармасининг уламолар кенгаши етказиб бериш ва логистика ходимлари тўғрисидаги янги фатвони чиқариб, Ислом дини қоидаларига мувофиқ сўйилмаган ҳайвонлар гўштини етказиб беришни тақиқлади. Бу ҳақда идоранинг матбуот хизмати хабар берди.
Мусулмонлар диний бошқармаси томонидан чиқарилган фатвога кўра, курьерларга спиртли ичимликлар, чўчқа гўшти (шариат қоидаларига мувофиқ сўйилмаган ҳар қандай ҳайвоннинг гўшти), бутлар ва қимор ўйинлари билан боғлиқ маҳсулотларни етказиб бериш тақиқланади.
Янги қоидаларга кўра, агар бундай товарлар йўқ қилиш учун етказиб берилса ва курьер пакетда нима борлигини билмаган бўлса, бу хато ҳисобланмайди.
Етказиб беришга рухсат этилган товарлар рўйхатига озиқ-овқат маҳсулотлари, ҳалол усулда сўйилган ҳайвонларнинг гўшти, дон, сариёғ, сут, мевалар, сабзавотлар ва бошқа маиший товарлар, жумладан, кийим-кечак, мебель, идиш-товоқ, қурилиш материаллари, электроника, китоблар, дори-дармонлар ва тиббий асбоблар киритилган.
Шунингдек, олиб кетилаётган буюртма ичида рухсат этилган буюмларнинг бир қисми тақиқланган маҳсулот бўлса, ҳалоллаш учун даромаднинг бир қисмини хайрия қилиш тавсия этилган.
“Агар буюртманинг таркибини билиш иложи бўлмаса, етказиб беришнинг ўзи номақбул ҳаракат ҳисобланмайди. Қоида фақат тақиқланган нарсаларни била туриб етказиб берилганда бузилади”, дея қўшимча қилинган бошқарма хабарида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Москва шаҳрида курьерлик қилувчи Муҳаммаджон Обидов исмли ўзбекистонлик йигит чақалоқни ўғирламоқчи бўлган шахсни тўхтатиб қолган эди.
Бунёд Келдибоев
Live
Барчаси