Москвада ўзбекистонлик курьер йигит бола ўғрисини тўхтатиб қолди (видео)
Олам
−
27 Июль
17146Россиянинг Москва шаҳрида Муҳаммаджон Обидов исмли ўзбекистонлик йигит чақалоқни ўғирламоқчи бўлган шахсни тўхтатиб қолди. Бу ҳақда Россия Тергов қўмитасининг Москва бўйича бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, курьер бўлиб ишлайдиган ушбу йигит Москванинг жануби-шарқидаги Вихино-Жулебино туманидаги болалар майдончаси яқинидан ўтиб кетаётганда қўлида чақалоғи бўлган онага ташланган эркакни кўриб, ёрдам беришга ошиқади.
“Эркакни воқеа содир бўлишидан олдин кўргандим. У курьерларнинг буюртма қабул қилиш пункти ёнида турганди. Буюртмани олиб, етказиб бериш учун кетаётгандим. Йўлда бу одамнинг бир аёлни безовта қилаётганини кўрдим-да, ортга қайтдим. У кичкина чақалоқни онасидан тортиб олиб, ерга қаттиқ ташлаб юборди. Чақалоқни қайтариб олиш учун унинг орқасидан югурдим. Шунчаки ёрдам бермоқчи эдим. У чақалоқни қаерга олиб кетмоқчи бўлганлиги менга номаълум эди. Болага қилган муносабати учун унга икки марта мушт туширдим. Шундан сўнг у қочиб кетди. Болани эса онасига бердим”, деган курьер йигит.
Маълум қилинишича, чақалоқни ўғирлаш учун аёлга ташланган эркак муқаддам фирибгарликда айбланиб, судланган 27 ёшли Алексей Кириченко бўлиб чиқди. Болани ўғирлашга уринган вақтда у спиртрли ичимлик таъсирида бўлган. Унга нисбатан Россия Жиноят кодексининг 126-моддаси (Одам ўғирлаш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўзбекистонлик йигит Москвада икки кишини ёнғиндан қутқариб қолгани хабар қилинганди.
LiveБарчаси