Россияда ўзбекистонлик ва тожикистонлик мигрантлар бир-бирини дўппослади (видео)

Олам

image

Жорий йилнинг 26 август куни Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри яқинидаги Янино-1 аҳоли яшаш пунктида Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари ўртасида йирик жанжал юз берди. Бу ҳақда “News Mail” хабар берди.

Икки давлат фуқаролари ўртасидаги можаро қурилаётган болалар боғчаси яқинида бошланган ва қисқа вақт ичида оммавий муштлашувга айланиб кетган. 

Можаро акс этган видео тезда ижтимоий тармоқда тарқалган ва кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлган. Видеода бир гуруҳ одамлар аввал гаплашиб тургани, кейин бир-бирини бўралатиб сўккани, ортидан эса жанжал пайдо бўлгани кўринади. Жанжал вақтида баъзи бир фуқаролар муштлашиб кетган бўлса, баъзилар қўлларига турли буюмлар олиб, бир-бирини аёвсиз савалаган. 

ОАВга кўра, маҳаллий фуқаролар муштлашув ҳақида ходимларга хабар берган. Шундан сўнг, ҳодиса жойига тезкорлик билан етиб келган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вазиятни назоратга олган ва жанжалда иштирок этганларнинг барчасини, яъни 30 дан ортиқ киши қўлга олган. Мигрантларни тергов қилиш жараёнида 22-26 ёшдаги уч нафар тожикистонликлар тўполоннинг асосий ташаббускори экани аниқланган. Уларга нисбатан Россия Жиноят кодексининг 213-моддаси (безорлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ушбу моддага кўра, улар саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Бундан ташқари, 23 киши, хусусан, 14 нафар тожикистонлик ва 9 нафар ўзбекистонлик маъмурий жавобгарликка тортилган. Расмий маълумотга кўра, жанжал ортидан тиббий муассасаларга жароҳатлар билан боғлиқ бирор мурожаат тушмаган, бу эса жанжал оғир тан жароҳатларисиз ўтганидан далолат беради.

Жанжал иштирокчиларининг ҳужжатларни текшириш давомида Россия ҳудудида ноқонуний бўлиб турган ўзбекистонлик мигрант ҳам аниқланган. У махсус марказга жойлаштирилиб, депортация қилиниши белгиланган.

Айни пайтда марказий осиёликлар ўртасидаги тўқнашувнинг аниқ сабаблари номаълум. Ҳуқуқ-тартибот идоралари можаронинг барча тафсилотларини аниқлаш учун суриштирувни давом эттирмоқда.

Россиядаги ўзбекистонликлар ёхуд марказий осиёликлар орасида жиноят ва катта-кичик жанжалларни биринчи марта келтириб чиқараётгани йўқ. Хусусан, июнь ойида Россия Ички ишлар вазирининг ўринбосари Виталий Яковлев Туркманистон пойтахти Ашхободда ўтказилган “Тинчлик, барқарор ривожланиш ва миграция” мавзусидаги халқаро конференцияда Россияда мигрантлар орасида энг кўп жиноятларни ўзбекистонликлар содир этаётгани ҳақида айтганди. Унга кўра, жорий йилнинг биринчи чорагида Россияда хорижликлар томонидан содир этилган жиноятларнинг 35,5 фоизи Ўзбекистон фуқароларига тўғри келади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Приморск ўлкасида жойлашган Арсеньев шаҳридаги қурилиш майдонида Шимолий Корея ва Ўзбекистон фуқаролари ўртасида муштлашув содир бўлган эди. Қолаверса, Россиянинг Красноярск шаҳри Ленинский туманидаги қурилиш ташкилоти ходимлари, яъни ўзбекистонликлар ва хитойликлар ўртасида жанжал келиб чиққанди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия мигрант Тожикистон безорлик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг