Россияда сафарбарлик яширинча давом этмоқда – ISW
Олам
−
05 Ноябрь 2022
6824Россия расмийларининг мамлакатда сафарбарлик тугагани ҳақидаги баёнотларига қарамай, катта эҳтимол билан у яширин тарзда давом этяпти. Бу ҳақда Америка урушни ўрганиш институти (ISW) кундалик ҳисоботида маълум қилди, деб хабар бермоқда DW.
Бунга мисол сифатида экспертлар Путин сафарбарликни тўхтатиш ҳақидаги баёнотларидан сўнг имзолаган бир қанча фармонларни келтирмоқда. Ҳужжатлардан бири оғир жиноятлар учун судланганлиги ўталмаган фуқароларни сафарбар этиш имконини беради, иккинчиси ҳарбий хизматчиларнинг мақомини “кўнгиллилар”гача кенгайтиради.
Бундай рухсатномалар сафарбарликни давом эттириш учун шарт-шароит яратади, аммо энди у “ихтиёрий хизмат” сифатида тақдим этилади, дейди экспертлар.
Эслатиб ўтамиз, 21 сентябрь куни Россия Федерацияси Президенти мамлакатда қисман сафарбарлик тўғрисидаги фармонни имзолаганди. Орадан бир ойдан кўпроқ вақт ўтиб, 28 октябрь куни РФ Мудофаа вазири Сергей Шойгу мамлакатда сафарбарлик якунлангани ҳақида Путинга ҳисобот берди.
Ўз навбатида, Путин 4 ноябрь куни армия сафига қўшилишни хоҳловчи кўнгиллилар оқими камаймаётгани сабабли сафарбар қилинганлар сони аллақачон 318 минг кишига етганини маълум қилди.
LiveБарчаси