Россияда ҳужжатларни сохталаштирган ўзбекистонликларга жиноят иши қўзғатилди (видео)
Олам
−
15 Июль 2025 5831 2 дақиқа
Россиянинг Калининград вилоятида ҳужжатларни сохталаштириб, 110 нафар мигрантни ноқонуний рўйхатга қўйган ўзбекистонликларга жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Россия Тергов қўмитаси ўзининг Telegram-каналида хабар берди.
Тергов натижаларига кўра, 2024 йилнинг январидан 2025 йил июнгача бўлган даврда уч нафар шахс атайлаб сохта меҳнат шартномалари ва уй-жой ижараси шартномаларини тузиш йўли билан Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистондан бўлган 110 дан ортиқ фуқарони турар жой бўйича рўйхатга олишни сохталаштирган.
“Россия Ҳарбий тергов органлари томонидан Татьяна Глазкова, Бахтиёр Фаражов ва Дониёр Файзиевга нисбатан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 322.1-моддаси 3-қисми (хорижий фуқароларни Россия Федерациясига ноқонуний олиб кириш ва уларнинг ноқонуний яшашини ташкил қилиш) бўйича жиноят иши қўзғатилди”, дейилади хабарда.
Жиноий ҳаракат Россиянинг Калининград вилояти бўйича Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) бошқармаси, Болтиқ флоти ва Калининград вилояти ҳарбий қисмлари бўйича ФХХ, шунингдек, ФХХнинг минтақавий чегара бошқармаси билан биргаликда ҳарбий терговчилар томонидан ўтказилган рейд чоғида аниқланган.
Ҳарбий терговчининг илтимосига биноан суд Татьяна Глазковани эҳтиёт чораси сифатида ҳибсга олган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Волжск шаҳрида саккиз нафар Ўзбекистон фуқаросини уйига рўйхатга қўйган 63 ёшли маҳаллий фуқарога нисбатан жиноий иш қўзғатилганди. Жами 100 дан ортиқ шахс текширилиб, миграция қонунчилигини бузган олти нафар шахс аниқланган.
Live
Барчаси