Россия жанубидаги 11 та аэропорт вақтинча ёпилди
Олам
−
24 Февраль 2022
8265Бугун, 24 февраль куни Украина атрофидаги вазиятнинг мураккаблашиши муносабати билан Россия жанубидаги 11 та аэропорт фаолияти 2 мартга қадар тўхтатилди. Бу ҳақда Федерал ҳаво транспорти агентлиги Матбуот хизмати хабар берди.
“Росавиация”га кўра, Ростов (Платов), Краснодар (Пашковский), Анапа (Витязево), Геленджик, Элиста, Ставрополь, Белгород, Брянск, Орел, Курск, Воронеж, Симферополь аэропортлари иш фаолиятини тўхтатган.
Чеклов 2 март куни Москва вақти билан 03:45 гача амал қилади.
“Россия авиация маъмурияти кейинги рейсларда йўловчилар ва одамларни кутиб олиш учун аэропортларга келишни қатъиян таъқиқлайди”, дейилади агентлик хабарида.
Маҳаллий оммавий ахборот воситаларига кўра, Сочи аэропортида бешта рейс кечиктирилган, аэропорт самолётларни қабул қилади ва чиқаради, парвозларнинг вақтинчалик тўхтатилиши бунга таъсир қилмаган.
“Россия авиация маъмурияти қарори билан Россия жанубидаги бир қатор аэропортлар, жумладан, Краснодар, Сочи ва Анапага парвозлар 24 февраль соат 04:47 дан 25 февраль 00:00 га қадар вақтинча тўхтатилди”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, парвоз зонаси фуқаролик самолётлари ва йўловчилар учун хавфли деб топилган.
Аввалроқ, Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари махсус ҳарбий операция бошлаганини эълон қилганди. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Украина ИИВ маслаҳатчиси эса Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирилганини маълум қилди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
Сўнгра, Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди.
Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси томонидан эвакуация режаси ва Украина ҳудудини тарк этишни хоҳловчи фуқаролар рўйхати ишлаб чиқилмоқдалиги маълум қилинди.
Украина ҳаво ҳудуди йўловчи ҳаво кемалари қатновлари учун ёпилиши муносабати билан “Uzbekistan Airways” АЖ Киевга парвозларни бекор қилди.
Эслатиб ўтамиз, 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ Президенти Жо Байден айрим шахсларнинг мулкини блоклаш ва айрим операцияларни тақиқловчи фармон қабул қилди. Ҳужжат ДХР ва ЛХРга сармоя киритишни, шунингдек, ушбу минтақалардан ҳар қандай товарлар, хизматлар ёки технологияларни Қўшма Штатларга импорт қилишни тақиқлайди.
Бундан ташқари, ушбу фармон ўзини мустақил деб эълон қилган республикаларда ҳаракат қилишга қарор қилган ҳар қандай шахсга нисбатан жазо чораларини қўллаш имконини беради.
Қўшма Штатларда жойлашган ёки кейинчалик АҚШга кирадиган, ДХР ва ЛХР билан боғлиқ шахсларга тегишли бўлган барча мулк ва мулкдаги улушлар блокланади.
Шунингдек, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
LiveБарчаси