Россия Европани мушкул аҳволда қолдирадиган қарор қабул қилди
Олам
−
23 Март 2022
75810Россия дўст бўлмаган мамлакатларга табиий газ етказиб бериш учун тўловларни Россия рублида қабул қилишни бошлайди. Бу ҳақда мамлакат Президенти Владимир Путин маълум қилди.
“Мен дўст бўлмаган давлатларга етказиб берилаётган табиий газимиз учун тўловларни қисқа вақт ичида Россия рублига ўтказиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширишга қарор қилдим”, дея таъкидлади Путин.
Россия раҳбарининг тушунтиришича, бундай ҳисоб-китобларда барча муросасиз валюталардан воз кечиш режалаштирилмоқда. Шу билан бирга, Россия бошқа давлатларга аввал тузилган шартномаларда кўрсатилган ҳажм ва нархларга мувофиқ газ етказиб беришда давом этади.
“Алоҳида таъкидламоқчиманки, Россия табиий газни аввал тузилган шартномаларда белгиланган ҳажм ва нарх тамойилларига мувофиқ етказиб беришда давом этади”, дейди у.
Президентнинг қўшимча қилишича, Россиянинг дўст бўлмаган давлатлар билан газ ҳисоб-китоблари рублга айлантирилгач, хорижий истеъмолчилар зарур операцияларни амалга ошириш имкониятига эга бўлиши керак. Яъни газ сотиб олишни хоҳлаган давлат аввало Россиядан рубль олиши керак.
Аввалроқ, Хитой Осиёда доллардан воз кечиш (де-долларизация) жараёнини бошлагани ҳақида хабар берган эдик.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси