Россия Украинага сув остидан зарба бериши мумкин – “Times”
Олам
−
23 Апрель 2022
16730Россия Қора денгиздаги сув ости кемаларидан Украинага ракета ҳужумларини уюштириш учун фойдаланиши мумкин. Бу ҳақда “The Times” британиялик денгиз экспертлари Х.И. Суттон ва Б. Питтетга асосланиб, хабар берди.
Мутахассисларнинг фикрича, Қора денгизда камида тўртта “877 Палтус” сув ости кемаси ишлайди. Россия ҳарбий-денгиз кучлари Украинадаги узоқ нишонларга “Калибр” типидаги ракеталарни учирмоқда.
Қайд этилишича, ракеталарни учириш 50 метргача бўлган чуқурликдан амалга оширилади, буни ҳатто сунъий йўлдошлар ёрдамида ҳам аниқлаш қийин.
Ўз даъволарини тасдиқлаш учун Суттон ва Питтет россияликлар 24 февралдан кейин денгиз портларида ракеталар ва жанговар каллакларни сув ости кемаларига юклагани ҳақидаги очиқ манба маълумотларини келтирган.
Экспертларнинг таъкидлашича, Украина Қуролли Кучлари Россиянинг “Москва” крейсерини чўктирганидан сўнг, Россия армиясининг сув ости кемаларидан фойдаланиши кўпайган.
Таҳлилчи Суттоннинг сўзларига кўра, Қора денгизда 2500 километргача масофага “Калибр” ракеталарини учириши мумкин бўлган камида тўртта Россиянинг “Кило” тоифали сув ости кемаси мавжуд.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси