Россия Украинага биринчи марта ўта оғир бомба ташлади (видео)
Олам
−
21 Июнь
38865Россия армияси Украинага биринчи марта FAB-3000 ўта оғир бомбасини ташлади. Бу ҳақда “BILD” нашрининг очиқ маълумотлар бўйича таҳлилчиси Юлиан Рёпке маълум қилди.
Экспертнинг сўзларига кўра, Россия илк бор қўллаган FAB-3000 M-54 UMPK бомбаси авиабомбани бошқариш бўйича рус модели бўлиб, мамлакат уни Украинага ташлаб, Харьков вилоятининг Липси қишлоғидаги “Янги почта” биносига зарба берган. Оғирлиги умумий 3 тонна бўлган бомбанинг 1,2 тонналик жанговар каллак қисми бинодан 15 метр узоқликда қулаган. Шундай бўлса-да, бинога жиддий зарар етказган.
Хабарда келтирилишича, Z-каналлар ҳам Россиянинг янги авиабомбадан фойдаланилганини тасдиқлаган. Telegram’даги Fighterbomber канали қуролдан фойдаланиш жараёни акс этган видеони эълон қилган. Ҳужум вақтида Украина Қуролли кучлари вақтинчалик фойдаланаётган 3 қаватли бино нишонга олингани маълум қилинган.
“FAB-3000 бомбасининг узлуксиз шикастланиш радиуси 230 метрни ташкил этади ва парчалар 1240 метр масофада ҳалокат кучини сақлаб қолади”, дея ёзган Fighterbomber.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Россия ҳарбий аэродромига ҳужум қилганди. Шунингдек, Украина Миллий қаршилик кўрсатиш маркази Россия Украинага қарши уруш олиб бориш учун қўшимча инсон ресурсларини қидириб, мамлакат колонияларидаги аёлларни урушга фаол равишда жалб қилгани ҳақида хабар берилганди.